Қабул қилинган янги қоидаларга кўра, 2025 йил 10 декабрдан Ўзбекистонда кўплаб дорилар фақат шифокор рецепти билан берилади. Рўйхатда 13 мингга яқин препаратлар бор, улар орасида антибиотиклар, гормонал ва тиббий спирт ҳам мавжуд.
Вазирлар Маҳкамасининг №570 қарорига кўра, Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш тизимида бошланган кенг кўламли ислоҳотлар натижаси ўлароқ, «Электрон рецепт» DMED ахборот тизими жорий этиляпти.
2025 йил 10 декабрдан Тошкентда ҳамда мамлакатнинг 15 шахар ва туманларида синов тариқасида «Электрон рецепт» тизими жорий қилинади. 2026 йил охирига қадар барча тиббиёт муассасалари ва аптекаларни тизимга уланади ва 2027 йил январдан тўлиқ тизимга ўтилади.
Барча тиббий ва фармацевтика ташкилотлари DMED рақамли соғлиқни сақлаш платформаси орқали иш олиб боришга мажбур бўлади. Платформа тўлиқ ишга тушгунча, соғлиқни сақлаш вазирлигининг мавжуд электрон соғлиқни сақлаш тизимида ишлаш давом эттирилади.
Мазкур дори-дармонларнинг тайинланиши ва берилиши рақамли форматда янгиланиб, автоматик тарзда «Электрон рецепт» модулига ўтказилади. Шифокорлар тайинлайдиган дорилар – айрим кучли таъсир қилувчи, психотроп моддалар ва реимбурсация дастурига кирган препаратлардан ташқари, халқаро патентланмаган номларига кўра белгиланиши керак.
Электрон рецептда
Тиббий ташкилот ва унинг лицензияси ҳақидаги маълумотлар;
Бемор ҳақидаги маълумотлар (ЖШШИР, Ф.И.Ш., туғилган сана);
Диагноз (МКБ бўйича);
Дори номи, дозаси, қабул қилиш режаси ва муддати;
Рецепт рақами ва бериш санаси;
Шифокорнинг маълумотлари кабилар бўлади.
Агар электрон рецепт билан фақат Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган препаратлар берилса, фармацевтлар препаратнинг серияси, тугаш муддати ва партиясини тизимга киритиши керак. Шифокорлар эса препаратларнинг ҳаракати ҳақида онлайн кузатиш имконига эга бўлади.
Электрон рецепт тиббий кўрсатмалар бўлмаган ҳолда, мамлакатда рўйхатдан ўтмаган дориларга (орфан препаратларидан бошқаси) ҳамда анестезия учун қўлланиладиган воситаларга тузилмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан тиббий муассасаларда электрон рецептларни тўғри тузиш бўйича назорат амалга оширилади. Дорихоналарда ушбу тизимни қўллаш бўйича назорат фармацевтика хавфсизлиги марказига юклатилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу тизим даволаш жараёнида ноқонуний рецепт тайинлаш ҳолатларини қисқартиришга, полипрагмазия (кўп препаратларни нотўғри қўллаш) камайишига, фармацевтика бозорининг шаффофлигини оширишга ва аптекалар учун тенг шарт-шароитларни яратишга ёрдам бериш, контрабандали ва нолегал фармацевтика маҳсулотларини аниқлаш мақсадида жорий қилинмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистонда фақат электрон рецепт орқали бериладиган препаратлар 12 817 номда бўлиб, улар 2025 йил 9 декабрга қадар рўйхатдан ўтган препаратлардир.