Тошкент вилоятининг бир нечта туманидаги боғчаларда болалар овқатдан заҳарлангани воқеаси юзасидан Бош прокуратура расмий баёнот берди.
Маълум бўлишича, ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хабарга кўра, тергов иши синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди ҳамда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б. Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.
Тергов давомида ушбу аутсорсинг корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган барча мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши, ташхис-даволаш ишлари ташкил этилган.
Баёнотда юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида, прокуратура органлари томонидан барча давлат мактабгача таълим муассасаларига аутсорсинг шартномаси асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилиши аҳволи юзасидан ўрганиш ишлари ҳам ташкил этилгани айтилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Маълумот учун, агар шахс санитария қоидалари ёки эпидемияга қарши талабларни (карантинда қолиш, тиббий текширувдан ўтиш, касаллик хавфи бўлган шахслар ҳақида маълумот бериш ва ҳ.к.) қасддан бузиш одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига сабаб бўлса, жиноий жавобгарликка тортилади.
Бундай ҳолда шахсга 50–100 баравар базавий ҳисоблаш миқдорида жарима, ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш, икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, бирдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин.