Тошкентда минтақанинг энг йирик технологик форуми — ICTWEEK Uzbekistan 2025 ўз ишини якунлади. Форум асосий инновациялар ва янги ҳамкорликларни тақдим этиш майдонига айланди.
Ҳар йили бўлгани каби, UZTELECOM мамлакат рақамли ривожланишининг локомотиви сифатидаги мақомини тасдиқлаб, қатор инновацион технологияларни намойиш этди ҳамда «Рақамли Ўзбекистон – 2030» дастурини жадаллаштирадиган стратегик аҳамиятга эга келишувларни имзолади.
U6G: Рекорд тезликдаги синов
Иштирокчиларнинг алоҳида эътиборини МДҲда илк бор жорий этилган U6G технологияси тортди. Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов шахсан пилот тармоқни синовдан ўтказиб, маълумот узатишнинг рекорд тезлиги — 10 Гбит/с гача бўлган натижани қайд этди. Ушбу намойиш UZTELECOM’нинг технологик етакчилигини амалда тасдиқлади ва мамлакатда янги авлод тармоқларини яратиш йўлини очиб берди.
SOLAR Security: Киберхавфсизликда янги ечим
SOLAR Security — веб-хизматларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган комплекс ечим бўлиб, унда Anti-DDoS, Anti-Bot ва WAF функциялари мавжуд. У ҳужумларнинг олдини олади, зарарли автоматлаштирилган трафикни тўсади ва иловаларни заифликлардан ҳимоя қилиб, веб-ресурсларнинг барқарор ва хавфсиз ишлашини таъминлайди. Кўргазмада ушбу киберхавфсизлик хизмати техник жиҳатдан ишга туширилди ва яқин келажакда компания унинг тижорий савдоларини йўлга қўйишни режалаштирмоқда.
HONOR: Қўшма маркетинг ташаббуслари ва VoLTE’ни ривожлантириш
ICTWEEK 2025 доирасида HONOR ва UZTELECOM қўшма промо-акциялар ўтказиш режалари юзасидан музокаралар олиб бордилар. Шунингдек, операторнинг офисларида ва онлайн-дўконида HONOR смартфонларини сотувга чиқариш бошлангани эълон қилинди. Форумда сунъий интеллект имкониятларини намоён қилувчи энг сўнгги AI-смартфонлар тақдим этилди. Учрашув давомида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.
Infinix: Қўшма акция ва абонентлар учун янги имкониятлар
Форум давомида UZTELECOM ва Infinix ҳамкорлик меморандуми имзоладилар ҳамда қўшма промо-акцияларни бошлашга келишиб олдилар. Биринчи лойиҳалардан бири — кенг кўламли «1+1» акцияси бўлди: харидорлар бир дона нархига иккита замонавий смартфон, шунингдек, бонус интернет-трафик пакетлари ва рақамли хизматларга уланиш имкониятини олмоқдалар. Бундан ташқари, форум кунларида PUBG киберспорт мусобақаси ўтказилди.
UZTELECOM'нинг расмий баёноти
Форум якунларига бағишланган баёнотида, «Ўзбектелеком» АК бошқарув раиси матбуот котиби Тимур Мамажанов шундай деди:
«ICTWEEK биз учун нафақат янги маҳсулотларни намойиш қилиш майдони, балки муҳим ҳамкорликлар туғиладиган маскан ҳамдир. U6G ишга туширилиши Ўзбекистоннинг минтақадаги технологик етакчилар сафида бўлишга тайёрлигини кўрсатади. Халқаро компаниялар билан имзоланган янги келишувлар эса халқимизга янада ишончли ва замонавий рақамли хизматларни тақдим этади».
ICTWEEK Uzbekistan 2025 яна бир бор исботлади: UZTELECOM мамлакатнинг рақамли трансформацияси локомотиви бўлиб қолмоқда, халқимиз учун инфратузилма ва хизматларни яратишда давом этмоқда.