Жиззах вилоятида қуввати 2 ГВт бўлган катта атом электр станцияси ва 110 МВт бўлган кичик атом электр станцияси қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 25 сентябрь куни Москвада бўлиб ўтган Глобал атом форумида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев маълум қилди.
«Бизнинг Росатом билан ҳамкорликдаги лойиҳамиз мамлакат тарихидаги илк АЭС бўлиб, ўзига хос хусусиятларга эга. Жиззах вилоятидаги ягона майдончада ҳар бири 1000 МВт қувватга эга бўлган иккита йирик реактор ва ҳар бири 55 МВт қувватли иккита кичик реактор қурилади. Бундай комбинациялашган ёндашув бир вақтнинг ўзида 2,1 ГВт асосий қувват ишлаб чиқариш ва мослашувчан манёвр имкониятларини таъминлайди», — деди бош вазир ўринбосари.
Унинг сўзларига кўра, 2035 йилга бориб 525 гектар майдондаги комбинациялашган атом электр станцияси 15 млрд кВт/соатдан ортиқ энергия ишлаб чиқаради.
Ўз навбатида, «Росатом» бош директори Алексей Лихачев Ўзбекистон ҳукумати кичик қувватли АЭС майдонига иккита йирик АЭС блокини қўшиш тўғрисида қарор қабул қилганини маълум қилди.
«Биз Ўзбекистон ҳукумати билан бу борада фаол иш олиб бормоқдамиз», — дея қўшимча қилди у.
Форумда қатнашган «Ўзатом» директори Азим Ахмедхаджаев эса Ўзбекистонда кичик ва йирик атом электр станциялари лойиҳаларини бирлаштирган ҳолда атом энергетикасининг интеграциялашган моделини ривожлантириш режалаштирилаётганини маълум қилди.
«Ўзбекистон амалда кичик модулли реакторларни жорий этишда пешқадам ҳисобланади. Биз уларни йирик реакторлар билан интеграциялашган ҳолда ривожлантиришни режалаштиряпмиз, шу орқали кенг қамровли компетенциялар мактабини яратамиз. Кичик модулли реакторларнинг келажаги порлоқ эканини яхши англаймиз», — деди у.
Шунингдек, Ахмедхаджаевнинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон 2025 йил кузда Жиззах вилоятидаги кичик қувватли атом электр станцияси учун котлован қазиш ишларини бошлашни режалаштирмоқда.
«Бир йил ичида жуда кўп нарсалар ўзгарди: майдонда ер ишлари бошланди, барча тадқиқот ишлари якунланди. Бу кузда биз котлован қазиш босқичига ўтамиз, чунки президентимиз келгуси йил март ойида кичик модулли реактор учун биринчи бетонни қуйиш ишларини бошлаш вазифасини қўйган. Биз қайта ташкил этдик, режалаштирдик ва бу мақсад сари ҳаракат қиляпмиз», — деди у.
Унинг сўзларига кўра, рухсатнома ва лицензиялар олиш бўйича Ўзбекистон ва Россия регуляторлари, шунингдек, лойиҳанинг халқаро хавфсизлик талаблари ва стандартларига мувофиқлигини доимий равишда мониторинг қилиб борадиган МАГАТЭ (Халқаро атом энергияси агентлиги) билан параллел равишда ишлар олиб борилмоқда.