Жорий йилнинг 23 сентябрь куни ўз ишини бошлаган Ўзбекистондаги энг йирик IT кўргазма – “ICTWeek Uzbekistan 2025”да «Бизнесни ривожлантириш банки» шуъба корхонаси "BRB-Tech" компанияси ҳам фаол иштирок этмоқда.
Компания стендида намойиш этилаётган масофавий хизматлар ва инновацион маҳсулотлар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида бўлиб ўтган брифингда ҳам «Бизнесни ривожлантириш банки» АТБ Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Орипов банкнинг айни йўналишдаги лойиҳалари ҳақида ахборот берди.
Қайд этилганидек, банк тизимидаги мавжуд 174 та бизнес жараёндан 104 таси тўлиқ рақамлаштирилган.
«Бизнесни ривожлантириш банки»нинг «BRB» мобил иловаси ҳар томонлама такомиллашиб бормоқда. Жумладан, иловада тақдим этилаётган «Иш ҳақигача» кредит хизмати орқали фойдаланувчилар скоринг текширувидан ўтиш йўли билан ўзларининг кредит лимитларини аниқлашлари ва исталган вақтда фойдаланиш имкониятига эга. Бугунги кунгача мазкур хизмат орқали мижозларга 17 млрд сўм пул маблағлари ажратилди.
Шунингдек, мижозларга узлуксиз 24/7 режимда таклиф этилаётган «Онлайн микроқарз» хизмати бўйича 2025 йил давомида 2 170 та ариза бўйича 41,6 млрд сўм кредит маблағлари ажратилди.
Шубҳали операцияларни олдини олиш ҳамда фирибгарлик ҳолатларини чеклаш мақсадида мобил иловада «Телеком антифрод» ва «Сессион антифрод» тизими жорий этилди. Ўтган вақт мобайнида тизим ёрдамида 19 547 та ҳолатда шубҳали операцияларнинг олди олинди.
Бугунги кунга келиб «BRB» мобил иловаси фаол фойдаланувчилари сони 490 мингдан ошган.
Банк томонидан юридик шахслар учун ҳам қатор хизматлар тақдим этилмоқда. Жумладан, юридик шахслар учун «Кредит конвейер» платформаси жорий этилди.
Ушбу тизим орқали дастлабки 2 ой ичида 500 га яқин тадбиркорга қарийб 100 млрд сўм кредит ажратилди.
«Бизнесни ривожлантириш банки»нинг “Бизнес 24/7” платформаси эса юридик шахсларни рўйхатдан ўтказиш, бухгалтерия, солиқ ҳисоботлари, кредит ва суғурта маҳсулотларини бир жойда, 24/7 режимида тақдим этиш имконини беради.