Ўзбекистонда тўй ва маърака ҳар доим халқнинг юрагига яқин, миллий маданиятнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Бироқ кейинги йилларда бу анъана кўпинча ортиқча шукуҳ, исроф ва турли хўжакўрсинлар билан ўтиши жамиятда катта баҳсларга сабаб бўлмоқда. Тўғри, тўйни ортиқча сарф-харажатсиз ўтказиб намуна бўлаётган оилалар ҳам йўқ эмас.
2019 йилда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамаси қарорида тўйлар белгиланган меъёрларда – меҳмонлар сони чекланган, маросим вақти аниқ ва исрофгарчиликка йўл қўйилмаслиги шарт этиб белгиланганди. Бироқ, барибир бу билан ҳам тўйларни назоратга олишнинг имкони бўлмади. Қиммат келин-куёв автокарвонлари, тартибсиз ҳаракатлар ва орада бу ҳолат оқибатида ЙТҲ қурбонлари ҳам бўлгани ҳеч кимга сир эмас.
Аслида, бу масала бундан аввал ҳам қонунчилик даражасига кўтарилган. 2018 йил март ойида тўй ва маъракаларни чеклаш бўйича ҳужжат муҳокамага қўйилган, аммо қабул қилинмаган. 2020 йилда эса парламент махсус қонун қабул қилиб, тўй ва оилавий тадбирларни соат 06:00 дан 23:00 гача ўтказиш, меҳмонлар сонини 200–250 кишидан оширмаслик, автокарвонни учта енгил автомобиль билан чеклаш, санъаткор ва тўйхона эгалари билан шартнома тузиш каби талабларни белгилаган. Шу билан бирга, Маъмурий жавобгарлик кодексига 192-1-модда киритилиб, талаблар бузилганда 3,75 млн сўмдан 18,75 млн сўмгача жарима белгиланган. Аммо амалиётда бу модда деярли ишламагани — 2020–2024 йилларда судларда жуда кам иш кўрилгани — қонун бор-у, назорат етарли эмаслигини кўрсатиб турибди.
Шу билан бирга, яқинда, 2025 йил 16 сентябрдаги Вазирлар Маҳкамасининг 589-сон қарори билан “Оқилона истеъмол” (Save food) дастури амалга киритилиб, унинг доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар белгиланган тартибда ўтказилиши қатъий назоратга олиниши белгиланди. Хўш, энди бу билан тўйларимиз ихчамлашиб қоладими? Одамлар бир кунлик тантана учун фалон миқдордаги кредитлар олишдан, катта қарз кўтаришдан воз кечадими? Қатор амалдорларнинг ўзи ўтказган тўйларни кўрган одам, булар қонунларга атай қарши чиқмоқдами деб ўйлаши ҳам табиий. Ахир тўйдаги исрофгарчилик ва дабдабани кўрганлар бу ерда қанча харажат кетганини бир қарашда англаб олади.
Бироқ, амалиётда кўп ҳолларда бу талабларга амал қилинмаяпти. Ресторанлардаги қиммат дастурхонлар, санъаткорларга катта ҳақ тўлаб базмни қиздиришга чақирув, тўйдан олдин ва кейин ўтказиладиган қўшимча тадбирлар – буларнинг барчаси оилавий бюджетга оғир юк бўлмоқда.
“Ёшим анча улғайиб қолгани учун уйдагилар қистови билан келин топиб тезроқ тўйни ўтказиш пайига тушдик. Келин топилди, тез орада тўй ҳам ўтди. Таниш-билишларим кўп, кичик тўй қилсак уят бўлади. Кредит олиб, базмни элдан кам қилмаган ҳолда ўтказдик. Ўзим ижарада яшардим. Кейин ижара уйда келин билан яшай бошладик. Бўйнимда катта қарз. Кўп ўтмасдан оилавий низолар сабаб ажрашишга тўғри келди. Ҳаваслар ортидан бўйнимга илинган кредит юкидан ҳали қутилмай туриб, икки карра бахтсизман. Энди яна уйланишим керак, аммо уйланишга пулни қаердан оламан деган ўйлов бор”, дейди интернет тармоғи фойдаланувчиларидан бири.
Мутахассислар фикрига кўра, ортиқча харажатли тўйлар жамиятга икки томонлама салбий таъсир кўрсатади. Биринчидан, иқтисодий жиҳатдан – қарздорлик ортиб, ёш оилаларнинг ҳаёти қарз билан бошланмоқда. Иккинчидан, маънавий жиҳатдан – “қўшнидан орқада қолмаслик” учун сунъий рақобат кучаймоқда. Бу эса, тўйнинг асл моҳияти – самимият ва оилавий бахт тантанасини йўқотмоқда.
Фуқароларнинг ҳам фикри икки хил: бир қисми катта тўйни обрў-эътибор белгиси деб ҳисобласа, бошқалари тўйнинг бундай дабдаба билан ўтишига қарши.
“Менинг укам яқинда уйланиши керак, икки ойдан бери уйдагиларга тушунтиришга ҳаракат қиламан, бироқ имкони бўлмаяпти. Отам бошқаларни тўйини еганман, элга ҳам едиришим керак деб қўймаяптилар”, деб ёзади яна бир фуқаро.
Шундай экан, савол туғилади: нега қонун бор-у, назорат етарли эмас? Нега маҳалла ва масъул комиссиялар кўп ҳолларда фақат “номига” ишлайди? Агар бу тизим амалий кучга эга бўлмаса, тўйлардан кейинги қарздорлик ва ижтимоий тенгсизлик яна давом этаверади.
Шунинг учун масалага жиддий ёндашиш вақти келди. Тўй – халқнинг шодлик куни, аммо у халқнинг елкасидаги оғир юкка айланмаслиги шарт. Қонун бор, қарорлар бор, лекин назорат суст. Агар масъул идоралар талабни қатъий қўлламаса, маънавий-маърифий ишлар кучайтирилмаса, эртага минглаб ёшлар қарздорликда, минглаб оилалар бахтсизликда қолиши муқаррар.
Тўй орқали обрў орттириш мумкин эмас, фақат бахтли оила қуриш мумкин. Шуни англаб етсакгина, “оқилона истеъмол” ҳақиқий маънода амалга ошади, тўйларимиз исрофсиз, самимиятга тўла ва ҳақиқий байрамга айланади.