Ўзбекистонда ҳайдовчилик курслари 71 фоизга, совуқ сув 34 фоизга, давлат боғчалари хизматлари 21 фоизга қимматлади

22.09.2025 15:00

Марказий банк 2025 йилнинг август ойидаги инфляция кўрсаткичларини эълон қилди.

Умумий йиллик инфляция 2022 йилда 12,3 фоиз бўлган; 2023 йилда пасайиб, 8,8 фоиз, 2024 йилда бироз ошиб, 9,8 фоиз, 2025 йил август ҳолатида яна 8,8 фоизга тушган.

Озиқ-овқат маҳсулотлари

Инфографикага кўра, баъзи озиқ-овқатлар нархи сезиларли даражада пасайган, бошқалари эса кескин ошган:

Августда қовоқ (-52,8 фоиз), узум (39,5 фоиз), помидор (34,7 фоиз), гуруч (-17,8 фоиз), олма (-16,6 фоиз) ва бодринг (-15,3 фоиз) нархлари пасайди.

Ҳисобот даврида озиқ-овқатлар таркибида сабзи (69,1 фоиз) карам (46,5 фоиз) ва пиёз (40,1 фоиз) нархи энг тез ўсган маҳсулот бўлди. Бундан ташқари, қуйидаги маҳсулотлар нархлари ҳам сезиларли қимматлаган:

• Пахта мойи (ёки ўсимлик ёғи): +39,4 фоиз

• Картошка: +32,0 фоиз

• Қўй гўшти: +28,5 фоиз

Ноозиқ-овқат товарлар

Августда ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи бироз пасайган. Хусусан, пропан -6,1 фоизга, қоғоз А4 -4,6 фоизга, ошхона техникаси -3,3 фоизга арзонлаган.

Олтин нархлари глобал бозорда рекорд даражада қимматлаши заргарлик буюмларида ҳам акс этган – никоҳ узуги 33,2 фоизга қимматлади.

Ноозиқ-овқат маҳсулотлари таркибида метан нархи 31 фоизга, газета 15,3 фоизга, бензин 11,1 фоизга, атир совун 10,1 фоизга, витаминлар нархлари 9,9 фоизга ошди.

Хизматлар

Августда пул ўтказмалари учун ҳақ тўлаш нархлари 0,3 фоизга, нодавлат ОТМда ўқиш 1,3 фоизга, симли интернет 1,8 фоизга арзонлади.

Августда нархи энг тез ўсган хизмат ҳайдовчилик курслари бўлди – ҳисобот даврида бу хизмат нархи 71,3 фоизга ошди. Шунингдек, ички йўловчи ҳаво транспорти хизматлари 59,5 фоизга, тармоқ газ 39,2 фоизга, совуқ сув 34,1 фоизга, чиқинди ташиш 23,9 фоизга, давлат боғчалари хизматлари 21 фоизга қимматлади.

Йиллик нарх ўсиши 10 фоиздан паст бўлган маҳсулотлар озиқ-овқат маҳсулотларида 83 фоиз, ноозиқ-овқат маҳсулотларида 96 фоиз ва хизматларда 42 фоизни ташкил қилади. Рақамлар хизматлар гуруҳида юқори инфляцияли элементлар энг юқори кўрсаткичга эга эканини кўрсатмоқда – 48 фоиз.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар