Ўзбекистон Сенати ташувлар соҳасида жавобгарликни кучайтиришга қаратилган қонунни маъқуллади.
Унга кўра, халқаро ва шаҳарлараро автомобил ташувларини амалга оширишда ҳайдовчиларнинг меҳнат ва дам олиш режимини бузиш – базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 баравари (ҳозирда 2 млн 884 минг сўм) миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, темирйўл транспортида ва метрополитенда ҳаракат ва ташиш хавфсизлиги талабларини ҳамда йўловчиларни, багажни ва юк багажини ташиш қоидаларини бузганлик учун ҳам маъмурий жарима белгиланяпти.
Қайд этилишича, 2023 йил давомида метрополитенда 172 млн, йўловчи поездларда 9,3 млн йўловчи ташилган бўлса, 2024 йилда метрополитенда 270 млн, йўловчи поездларда 10 млн 70 минг, шунингдек, автомобил транспортида 8 миллиарддан ортиқ йўловчи ташилган. Бундан ташқари, 2024 йил давомида темир йўл транспортида 102,7 млн тонна юк ташилган бўлса, автомобил транспортида 2 млрд тоннадан ортиқ юк ташилган.
Бу ҳолат йўловчи ва юкларни манзилига ўз вақтида хавфсиз етказиш, уларга хизматлар кўрсатиш жараёнининг узлуксизлиги, сифатлилиги, барқарорлиги ва ишончлилигини таъминлашни тақозо этмоқда.
Амалдаги қонунчиликда темирйўл ташишлари хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчиликлар ва ҳуқуқбузарликлар аниқланганида Транспорт назорати инспекцияси юридик шахсга нисбатан фақат кўрсатма бериш ҳуқуқига эга.
Жумладан, темирйўл транспорти ҳамда метрополитенда 2024 йилда ҳаракат ва ташишлар хавфсизлиги талабларининг қўпол бузилиши билан боғлиқ 130 та ҳодиса содир этилган. Натижада ҳаракатдаги таркиб ва темир йўл инфратузилмасига қарийб 4 млрд сўм моддий зарар етказилган. Худди шунингдек, автомобил йўлларининг тартибга солинмаган темирйўл кесишмаларида поездлар ва автотранспорт воситалари иштирокида 2024 йилда 38 та йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган ва бунинг оқибатида 11 киши ҳалок бўлган.
Шу сабабли, ташишлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қоида ва талабларни бузганлик учун мансабдор шахсларга ва хизматчиларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (ҳозирда 4 млн 120 минг сўм) миқдорида жарима белгиланмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.