Қачон халқ бўламиз? Маҳаллийчилик иллати оқибатлари

03.09.2025 17:48

Бир хорижлик танишим Ўзбекистонда бўлганини айтаркан, тошкентликлар у қадар меҳмондўст ва меҳрибон эмаслигини, қашқадарёликлар бироз маданиятдан узоқлиги, фарғоналиклар алдашга устароқлиги, самарқандликлар нисбатан кўнгли кенг, ёрдамга тайёр ва очиқ юзли-ю, лекин баъзида ўзбек-тожик айиришини, умуман бутун мамлакатда негадир ҳамма ўзбеклар бир бирига нисбатан самимий эмаслигини гапирди. Самимий, чин дилдан гапирди-ю, ичимга оғриқ кирди.


Биз қачондан бери бу қадар ... бўлганмиз? Менимча аввалдан бироз айирмачи бўлганмиз, бунга тарих гувоҳ. Аммо ўша пайтда балки бутун дунё, барча миллатлар шундай бўлган. Чунки ҳудудлар аниқ эмас, оддий одамлар бу қадар катта алоқаларга эга эмас, ҳимоялар у қадар кафолатланмаган, кимга ишониш керак ёки керак эмаслиги фақат тажрибалар орқали аниқроқ бўлар эди. Аммо дунёда айни пайтда бунчалик даражада чуқурлашиб кетмаган, аммо бизда ҳали ҳамон чуқурлашишда давом этаётган бу иллат собиқ тузум даврида қон-қонимизга қаттиқ ҳаракатлар билан, махсус сингдирилган деб ўйлайман. Вилоят-вилоят, туман-туман, қишлоқ-қишлоқ, ҳатто хонадон-хонадон бўлиб бир-бири билан пахта териш, дала ишлари, бошқа ҳар қандай жамоавий ишларда беллашиб, қизил байроқни ғолиб ҳудудларга кўчириб юришган, ёзаман десангиз гап кўп. Чунки халқ, миллат бирлашишидан, ўзлигини таниб қолишидан доим қўрқишган! Ўзимиздан бўлган, қони айниган лаганбардорларни халқнинг орасини бузишга,бир-бирига нафрат уйғотишга, уйғониб қолганларни сотишга йўллашган, нима қилаётганини ўзиям тушунмайдиган курмаклар эса нималарга эришганини яхши биласиз, ҳамма билган Қодирийлар, Усмон Носирлар, халқ таниган жадидлар ҳаммаси эмас, халқнинг юзидаги қаймоғини сузгич билан сузиб олиб ташлашган, буни эслашнинг ўзи чексиз оғриқ беради.


Аммо мустақил бўлганимизга 34 йил бўлди. Биз эса ҳамон айириб, айрилиб, бўлиниб юраверамиз. Нега? Тушунарсиз, балки ҳалиям орамизда бирлашишимизга йўл қўймаслик учун тиқилган ўзимиздан чиққан балолар махсус ишлаб юришгандир? Менга шундай туюлади гоҳида, ҳар қандай позитив, чиройли видео, хабар, маълумот, контент бўлмасин, албатта унинг тагида қўзғовчи, ҳақоратомуз изоҳларни топасиз.
Биз қачон бирлашамиз? Қачон тўлиқ мустақил бўламиз? Расман эмас, ич ичимиздан, чиндан, миллат сифатида, халқ сифатида, элат сифатида, шахс сифатида? Қачон бизнинг орамизда маҳаллийчилар, миллатчилар, шахсга сиғинувчилар, кўнгилни хира қилувчи қуйқалар бир ҳовуч бўлиб кўринмай кетади, қачон улар халқнинг юзи бўлиб кўринмайди?


Бу оддий нарса эмас. Мустақил бўлганимиздан 34 йил ўтиб ҳам ҳамон бирлаша олмаётган экан, ҳалиям бир биримизни бўлиб, айириш билан банд эканмиз, ҳалиям сал юқорироқ чиққан муносибларни оёғидан тортиб, калласи бўш таниш-билишларни тепага итариб чиқариб қўяр эканмиз, бир биримизни қўллаб-қувватламас эманмиз, ўз жонимиздан қўрқиб, томошабин бўлар эканмиз, ҳар қандай юртда хор бўлаверамиз, ҳар қандай шовинист бизни истаганча топтайверади, биз ўзимизни қадрламас эканмиз, кимдир бизни миллат сифатида қадрлашини кутишимизнинг ўзи кулгили.


Шахсан мен учун, самарқандлик, бухоролик, навоийлик, наманганлик, тошкентлик, сурхандарёлик йўқ! Мен Ўзбекистонликман. Мен учун ўз миллатини ерга уриб, яхши ниятда келмаган бошқа миллатларни бошига кўтарадиган, уларга ўзининг юртини ёмонлаб, уларникини мақтаб ялтоқлик қиладиган, ўз миллатдошларини ижара уйидан қувиб, пул учун бошқаларга уйини, ватанини бўшатиб берворадиган, миллатдошларини, қариндошларини хорижга обориб сотиб келадиган сотқинлар халқ эмас. Вақтида Тошкентнинг дарвозасини босқинчиларга очиб берганлар, Сталинга хат ёзиб, Ёзувчилар уюшмасидан ижобий маълумотнома кутган Усмон Носирни шунчаки ўзидан яхшироқ бўлгани учун чиритиб йўқ қилганлар, одамларнинг қайдан келиб чиққани-ю, кийими-ю, кўриниши-ю, эътиқоди, тақвоси, қўйиб берса Тангри билан ўртасидаги муносабатигача аралашиб, дўзахий-жаннатийлигига фатво бериб бериб ўтирадиган, лекин ўзининг ҳолидан бехабар ғийбатчилар миллатимнинг юзи эмас.


Одамнинг қаерда туғилгани, қандай шароитда катта бўлгани, рўмолли-рўмолсиз, соқолли-соқолсиз, тақволи ё тақвоси ҳаминқадар экани, умуман унинг айнан шахси, хотини, қизининг кийими..... ва ҳоказоларга қараб муомала қиладиган, одам ажратадиган савиясизлар мен учун ҳатто одам қаторида эмас. 


Мен миллатдошларини ҳар қадамда қўллаб-қувватлайдиган оддий ватандошларимни, Тошкент зилзиласида ҳар жойдан келиб Тошкентни битталаб тошлардан бино қилганларни, Сардобани сув босганда уйидаги кўрпа-тўшагигача берганларни, карантинда уйма-уй таом тарқатиб, бир бирини қўллаганларни ҳақиқий инсонлар, ҳақиқий миллатдошлар, ўзбеклар деб биламан. Менга инсоннинг юраги, инсофи, одамийлиги муҳим.


Юртдош! Давлат бўлиб, халқ бўлиб ривожланишимиз учун келинг бирлашайлик! Кўнглимиз, ишимиз, қараган тарафимиз бир бўлсин! Шунчаки бир биримизни қадрлайлик, хайрли ишларда қўллаб қувватлайлик, чиндан бир миллат бўлайлик, чиндан МУСТАҚИЛ бўлайлик! Орамизда бир ҳовуч ғаламислар йўқолиб, овозлари билинмай кетсин! Миллат бўлайлик, халқ бўлайлик, туркий бўлайлик! Аслимизни унутмайлик! Зеро, бу хавфли иллат эканки, 34 йилдан бери ҳам миллатимиз юзига доғ, хорижий юртларда оёқости бўлишимизга сабаб, ривожланиб кўтарилишимизга тўсиқ бўлиб, оёғимиздан тортиб келмоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар