Ижтимоий тармоқларда Яккасарой тумани, Салар кўчаси, “Дилбулоқ” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлар ҳудудида ер чўкиши юзага келгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга Тошкент шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.
Хабарга кўра, мазкур ҳудуддаги қурилиш ишлари “Люкс Лойиҳа” МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари асосида амалга оширилмоқда.
Лойиҳанинг Г4-блоки “Архитектура ва шаҳарсозлик кенгаши”дан ижобий хулоса олган бўлса-да, “Шаҳарсозлик ҳужжатлари экспертизаси” ДУКдан хулоса олинмаган. Шу боис мазкур блок инспекцияда рўйхатдан ўтмаган ва қурилиш ишлари ноқонуний бошлангани аниқланган. Ҳолат юзасидан инспекция томонидан тегишли тартибда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот берилган.
Шунингдек, ўрганиш жараёнида буюртмачи “ЎзКомМаишийСавдо” МЧЖ томонидан Г4-блок учун котлован қазиш ишлари олиб борилаётганда ҳудуддаги электр трансформаторида носозлик юзага келгани аниқланган. Шу сабабли котловандаги сизот сувларини чиқариш имкони бўлмаган, оқибатда сув даражаси кўтарилиб кетган. Сўнгра қўшни “Гранд Capital” МЧЖ томонидан илгари қурилган ерости автомашина тураржойининг қайта кўмилган жойларида тупроқ силжиши юз бериб, сирпанишга сабаб бўлган.
Ҳозирда инспекция томонидан мазкур ҳолат бўйича қўшимча ўрганиш ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Кўп қаватли уйлар ҳудудида ер чўкиши “бахона”сида мазкур ҳудуддаги ноқонуний қурилиш ишлари ҳам фош бўлмоқда. Бу эса айрим компаниялар қонун талабларини четлаб ўтишга уринаётганини ва бундай ҳолатлар аҳоли хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётганидан далолат беради. Шу сабабли мутасаддилардан ҳолатга тегишли чора кўришларини сўраймиз.