Россия Меҳнат вазирлиги 2026 йилда мамлакат иқтисодиётининг тўққизта соҳасида компаниялар томонидан мигрантларнинг ишга қабулини чеклашни таклиф қилмоқда. Жумладан, қурилиш, умумий овқатланиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари чакана савдоси каби соҳаларда хорижий ходимларга рухсат этилган улуш камайтирилиши ёки ҳатто бутунлай бекор қилиниши мумкин. Бу ҳақда Коммерсантъ нашри хабар берди.
Хабарга кўра, лойиҳа ҳукуматга тақдим этилган. Янги тизим ҳар йили ҳукумат ташкилотларда меҳнат мигрантлари улушининг максимал чегарасини белгилайди. Бу орқали хорижий ишчи кучини жалб қилиш ва Россия фуқароларининг устувор бандлигини таъминлашни тартибга солади.
2026 йилда энг катта қисқартириш умумий овқатланиш соҳасида кутилмоқда. Агар илгари бу соҳада хорижий ходимларни ёллашга чеклов бўлмаган бўлса, энди Россия фуқаролиги бўлмаган шахслар фақат 50% ўринларни эгаллаши мумкин.
Қурилиш соҳасида хорижий ходимлар улушини 80% дан 50% гача тушириш таклиф этилмоқда.
Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини чакана савдоси бўйича рухсат этилган квота 15% дан 0% гача туширилиши мумкин. Сабзавот етиштириш, ёғоч ва ўрмон маҳсулотлари улгуржи савдоси, тахта маҳсулотлари савдоси, ўрмончилик ва дарахт кесиш, шунингдек, ёғочни қайта ишлаш соҳаларида эса хорижий ишчиларнинг максимал улуши 50% дан 40% гача камайтирилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Меҳнат вазирлиги 29 та минтақада хорижий ишчи кучини ёллаш бўйича алоҳида тартиб ўрнатишни таклиф қилган. Жумладан, Амур вилоятида 2026 йилда мигрантларга озиқ-овқат ва ичимлик ишлаб чиқариш, машина ва ускуналарни таъмирлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари ветеринарияси каби соҳаларда ишлаш тақиқланади, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Санкт-Петербургда курьер бўлиб ишлаш тақиқлангани ҳақида хабар берган эдик. (https://t.me/rost_24uz/13314)