Марказий Осиёдаги энг қиммат Ҳаж харажати Ўзбекистондами?

16.03.2021 06:49

Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда 2021 йилги Ҳаж мавсумининг ташкил этилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама бўлмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмитанинг маълум қилишича, Саудия Арабистони расмийлари ҳамда Ҳаж ва Умра ишлари бўйича Атташе билан мазкур масалада мунтазам алоқа ўрнатилган. Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш бўйича Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ҳозирга қадар ҳеч қандай расмий қарор эълон қилинмаган.

Дарҳақиқат, ислом динининг фарзларидан бири бўлган Ҳаж зиёрати муддати ҳижрий тақвимга кўра белгиланади ва аниқ саналар йилдан-йилга ўзгариб туради.

Хорижий оммавий ахборот воситаларида эса жорий йилдаги Ҳаж зиёрати июль ойининг иккинчи ярмига тўғри келиши ҳақида хабарлар кенг тарқалди.

«Саудия Арабистони ҳукумати қарорига кўра мусулмон зиёратчилар коронавирусга қарши эмланганидан кейингина Макка ва Мадинадаги муқаддас жойларга борадиган Ҳаж ва умра маросимларида иштирок этишлари мумкин. Бу йилги Ҳаж июль ойининг иккинчи ярмига тўғри келади» дейилади «ТАСС» хабарида.

2020 йилда пандемия туфайли Саудия Арабистони ҳукумати чет давлатдан келган зиёратчилар учун мамлакатга киришни вақтинча тўхтатилишини эълон қилган эди.

Аҳолисининг 90 фоизи Ислом динига эътиқод қиладиган Ўзбекистондан йилига 5-6 мингга яқин фуқаро Ҳаж сафарига юборилган.

Сўнгги йилларда Ҳаж сафарига бориш истагида бўлганлар сонининг ортгани сабабли 2017 йилда Арабистон томонидан ўзбекистонликлар учун ажратиладиган квоталар сони 40 фоизга оширилиб, квоталар миқдори 5 000 тадан 7200 тага етказилди.

2020 йил 1 июлдан бошлаб Саудия ҳукумати хорижий давлатлар учун қўшимча қиймат солиғини 15 фоизга оширди. Шу муносабат билан барча хизматлар ва товарлар, шу жумладан, Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этиш нархлари сезиларли даражада кўтарилиши кутилмоқда.

ЎЗБEКИСТОН ХАЛҚИ УЧУН ҲАЖ ЗИЁРАТИ НАРХИ ҚАНЧА?

Сўнгги Ҳаж мавсуми – 2019 йилда Ўзбекистондан қарийб 7 000 киши Ҳаж сафарида бўлиб, ислом динининг бешинчи арконини адо этиб қайтдилар. Уларга ишчи гуруҳининг 200 дан зиёд аъзолари ҳамроҳлик қилган.

2018 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж зиёратини амалга ошириш харажатлари 38 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2019 йилдан Саудия Арабистонида барча хизматларга 5 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Шунга кўра 2019 йилда ҳаж зиёрати сарф-харажатлари тахминан 42−43 миллион сўм бўлиши кутилган эди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилган тадбирлар натижасида 2019 йилдаги Ҳаж сафари харажатлари 10 миллион сўмга арзонлаштирилиб, 3 946 долларга туширилди.

ЎТГАН МАВСУМЛАРДА ҚЎШНИ ДАВЛАТЛАРДА ҲАЖ ЗИЁРАТИ ҚАНЧАГА ТУШГАН?

Қозоғистонда расмий равишда аҳолини Ҳажга юбориш билан шуғулланадиган 18 туроператор фаолият юритади.

2019 йилда Саудия Арабистони томонидан Қозоғистон аҳолиси Ҳаж зиёрати учун 3200 та квота ажратилган бўлса, ҳар бир қозоғистонлик сафар учун 3 800 доллар сарфлаган.

Қирғизистон мусулмонлари диний идораси матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, 2019 йилда Саудия Арабистони Ҳаж сафарини амалга ошириш учун Қирғизистонга 5510 та квота ажратган. 6 мингдан ортиқ киши сафарга борган. Мазкур йилда қирғизистонликлар учун Ҳаж 3000 долларни ташкил қилган.

Тожикистон диний ишлар, халқ анъаналари, тантаналари ва маросимларини тартибга солиш қўмитаси маълумотларига кўра, Тожикистондан ташриф буюрадиган зиёратчи учун 2019 йилда 3 500 доллардан ортиқ деб белгиланган.

Ҳаж зиёрати харажатларига икки томонлама авиачипта, Макка ва Мадинада қолиш, овқатланиш, гид хизматлари учун тўлов, Мино, Муздалифа ва Арофатда қолиш нархи киради.

2018 йилда Туркманистон Президенти буйруғига кўра Ҳаж сафарини амалга ошириши учун 150 нафар туркманистонликнинг авиапарвоз хизматини бепул ташкил этиш «Туркменховаёллары» компанияси зиммасига юклатилган.

Сўнгги Ҳаж зиёрати нархи 3 946 доллар бўлган Ўзбекистонда Саудия ҳукумати хорижий давлатлар учун қўшимча қиймат солиғини 15 фоизга оширгандан кейин зиёрат нархи неча пулга тушади?

Зуҳра МИРЗАБОЕВА

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар
29.06.2022 18:42
ЧеСаудия Арабистонига зиёратга борсам Буладими ? т элда турибман .Вактинча. Шу ердан
19.03.2022 22:47
Хаж зиёрати хам бизнесга айланибдику остофуруло хаж бориш хам кийин булибди
22.03.2021 09:04
Бизда нега ён кушниларимизга караганда анчагина киммат хар бир давлат учун хар хил нарх белгиланадими.
16.03.2021 22:07
Ассалому алейкум УМРА ТУГРИСИДА ХАМ МАЬЛУМОТ КОЛДИРСАНГИЗ