Банк тизимида ходимлар салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган лойиҳалар

06.08.2025 12:01

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ тизимида ходимлар салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган лойиҳаларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда таъкидланганидек, юртимизда ҳар томонлама етук мутахассисларни тайёрлаш, ходимларнинг юксак касбий даражасини таъминлаш ва уларнинг ўз салоҳиятини тўлиқ намоён қилишлари учун қулай меҳнат шароитини яратишга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда

Матбуот анжуманида “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ тизимида инсон ресурсларини бошқариш HR (Human resources) йўналишида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида жамоатчиликка ахборот берилди.

Маърузачилар томонидан HR-трансформациянинг бугунги кундаги аҳамияти ва зарурияти, ишга қабул қилиш ва танлов жараёнлари, янги ходимлар учун мослаштириш (адаптация) тизими, устоз-шогирд (иш ўрганувчилик) тизими асосида малакали ходимлар тайёрлаш, иш ҳақи ва рағбатлантириш KPI (Key performance indicator) тизими, ходимларни ўқитиш ва ривожлантириш, ходимлар хайрихоҳлигини ошириш тадбирлари каби жами 8 та йўналишда олиб борилаётган ишлар бўйича батафсил маълумот берилди.

“2020–2025 йилларга мўлжалланган банк тизимини ислоҳ қилиш Стратегияси”га мувофиқ, давлат улушига эга бўлган банкларни корпоратив трансформация қилиш жараёнининг 4 та устувор йўналишларидан бири ҳам айнан кадрлар салоҳиятини оширишдир.

Бу эса кадрларни бошқаришнинг корпоратив стратегиясини такомиллаштириш, банк кадрларини узлуксиз ўқитиш тизимини жорий қилиш ҳамда ҳар бир ходимнинг фаолияти натижаларини баҳолаш асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий тизимларига ўтиш (KPI, бонус) каби учта муҳим йўналишдаги чора-тадбирларни ўз ичига олади.

Бугунги кунда “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ тизимида 3 минг 160 та ходим фаолият олиб бормоқда. Шундан 597 таси ёш ходимлар саналади. Уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароити билан таъминлаш масаласи банк бошқарувининг мунтазам равишда диққат-марказида бўлиб келмоқда.

“BRB Star Lab” лойиҳаси орқали эса устоз-шогирд анъаналари асосида лавозимга тайёрлаш чоралари кўрилмоқда. Устоз-шогирд муносабатларига асосланган BRB мактабини жорий этишдан мақсад банкнинг тажрибали мутахассисларининг билим ва кўникмаларидан фойдаланган ҳолда ОТМ битирувчиларини малакали мутахассис қилиб лавозимларга тайёрлашдан иборат.

Ҳисобот даврида банкнинг Фарғона, Наманган, Андижон, Тошкент, Самарқанд, Хоразм, Сурхондарё ҳудудий бошқармаларида ОТМ битирувчилари ўртасида танловлар ўтказилди. Натижада 587 нафар номзод танловда иштирок этиш учун қизиқиш билдирди. 287 нафар номзод дастлабки синов босқичида иштирок этди. 98 нафар номзод дастлабки синов босқичидан ўтган бўлса, 49 нафар номзод 2-босқич – суҳбат жараёнларидан ўтган ва иш ўрганувчиликка қабул қилинган.

Матбуот анжуманида ходимлар иш ҳақи ва рағбатлантириш тизимига киритилган ўзгартишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қайд этилдики, янги тизим ишга яраша адолатли ҳақ тўлаш мақсадида ишлаб чиқилган ва бунда ходим ўз ҳаракати билан даромадини ошириб бориши, KPI тизими орқали ўз меҳнатининг самарасини назорат қилиши мумкин бўлади.

Шунингдек, матбуот анжуманида ходимлар меҳнатини муҳофаза қилиш ва хайрихоҳлигини оширишга доир лойиҳалар бўйича ҳам атрофлича маълумот берилди.

Таъкидландики, 2024 йилда меҳнат муҳофазаси тадбирларига ва жамоа шартномасининг меҳнат муҳофазаси бўйича битимларидаги тадбирларини амалга ошириш учун 3,075 млрд. сўм миқдорида маблағ сарфланган. Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида ушбу кўрсаткич 1,205 млрд. сўмни ташкил этди.

“BRB ёш иқтидорлари”, “Директор билан бир кун”, “Нафис аёллар клуби”, “Book challenge”, Инглиз тилини ўрганиш бўйича “Debate club”, “Заковат” мусобақалари ва турли йўналишлардаги спорт тадбирлари жамоавий муҳитни яхшилаш ва ходимлар хайрихоҳлигини оширишга хизмат қилмоқда. Ўз навбатида, уларни тинглаш таклиф ва муаммоларига қулоқ тутиш мақсадида қайта алоқа канали – BRB Voice Bot жорий қилинди ва айни пайтда тест режимида ишга туширилди.

Матбуот анжуманида журналистлар мавзу юзасидан оъзларини қизиқтирган барча саволларга атрофлича жавоб олдилар.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар