Экология вазирлиги ноёб ҳайвонларни йўқотиш учун тузилганмиди?

01.08.2025 12:34


Ижтимоий тармоқларда россиялик овчи томонидан Сурхондарёда Қизил китобга киритилган морхўрлар овлангани ҳақида хабар тарқалди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги бу қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилганини маълум қилди.

Вазирликнинг билдиришича, тасврирлари тарқалган Сурхондарё вилоятидаги ушбу ов 2024 йилда тегишли тўлов эвазига ва рухсатнома асосида амалга оширилган.  2024 йилда морхўрларни овлаш учун ўрнатилган тартибда рухсат берилган ва 100 минг доллар миқдорида тўлов ундирилган. Бу маблағлар табиатни муҳофаза қилиш, хусусан, браконьерликка қарши самарали кураш олиб боришга йўналтирилган.

“Таъкидлаш жоизки, “Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, ҳар йили ёввойи ҳайвонларни тутиш учун квота белгиланади. Бунда ёввойи ҳайвонларнинг энг ёши каттаси, насл қолдириш давридан ўтган эркагини овлашга рухсат берилади ва жараён қатъий назорат остида амалга оширилади”, дейилади хабарда. 

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хорижий давлатларда ҳам айнан шундай тартиб жорий қилинганини қайд этиб ўтди. Намибияда ўлжа ови йилига 3 млн доллардан кўп фойда келтиради. Бундан ташқари, очиқ маълумотларга кўра, ҳар йили Тожикистонда 10–16 бош морхўр, 100–115 бош арҳар, Мўғулистонда эса 90–100 бош арҳар, 50–60 бошгача хонгул овлашга рухсатномалар берилмоқда.

2023 йилда ҳам россиялик овчилар Сурхондарё вилояти ҳудудида морхўрларни овлаганди. Ўшанда ҳам вазирлик бу тасдиқланган квотага мувофиқ рухсатнома асосида амалга оширилганини маълум қилганди.

Морхўр Ўзбекистон Қизил китобига ҳамда Халқаро ТМХИ Қизил рўйхатига киритилган, йўқолиб кетиш ёқасида турган, локал кенжа турдир. Унинг бошқа ҳайвонлардан яққол фарқли кўриниши бу уларнинг ёши катта такаларидаги буралган катта ва узун (90-100 см) шохларидир.  2024 йилдаги маълумотларга кўра, Сурхон давлат қўриқхонасидаги морхўрларнинг сони 673 бошни ташкил қилган.

“Ов қилиш ва овчилик хўжалиги тўғрисида”ги қонунга кўра, битта морхўрни овлаш учун чет эллик жисмоний ва юридик шахслар 25 минг доллар миқдорида тўлов қилиши керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар