"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси томонидан 2025 йилнинг ўтган 6 ойи давомида 2,4 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, 16,2 мингта янги иш ўрни яратилди. Бу ҳақда 24 июль куни уюшма томонидан ўтказилган "Қурилиш материаллари соҳасида ўтган 6 ойда амалга оширилган ишлар таҳлили" мавзусидаги матбуот анжуманида маълум қилинди.
Айни пайтда мамлакатимизда қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 10 мингдан ошиб кетган бўлиб, қурилиш материаллари тури 100 тага етган. Жорий йилнинг январь–июнь ойларида 26 трлн сўмлик қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилган ва бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 114 фоиз ўсишни ташкил этади.
"Жорий ярим йилликда 10,1 млн тонна цемент, 21 млн кв.м қурилиш ойнаси, 33 млн кв.м керамик плитка ва керамогранит, 50 млн кв.м гипсокартон плиталари ишлаб чиқарилди. Соҳада эса ўтган йилга нисбатан 114 фоиз ўсиш кузатилди", — дейди "Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси Бошқарув раиси Илёс Раҳимов.
Шунингдек, соҳадаги экспорт ҳажми ҳам ўтган йилга нисбатан сезиларли даражада ошган бўлиб, Россияга 107 млн. доллар, Қозоғистонга 94,7 млн. доллар, Қирғизистонга 64,4 млн. доллар, Тожикистонга 53,7 млн. доллар, Озарбайжонга 9,7 млн. доллар, ва Туркманистонга 9,3 млн. долларлик экспорт амалга оширилган. Жами экспорт ҳажми эса 428,4 млн долларга етган.
"Экспорт билан бирга импортда ҳам сезиларли натижаларга эришилди. Масалан, 2023 йилда 650 миллион долларлик маҳсулот импорт қилинган бўлса, 2024 йилда ушбу кўрсаткич 50 миллионга камайиб, 600 миллион долларни ташкил қилди. Айниқса, металл импортида сезиларли даражада қисқариш кузатилди. Жорий йилда эса бу кўрсаткични 550 миллион долларгача камайтиришни режа қилганмиз. Лекин бренд талаби туфайли импорт барибир маълум бир қисмда сақланиб қолади", — дейди Илёс Раҳимов.
Маълумотларга кўра, соҳада экспорт ҳажмини янада ошириш мақсадида Тожикистон, Покистон, Афғонистон каби мамлакатларда Ўзбекистон савдо уйлари, шоурумлар ва савдо омборлари ташкил этилган.