Адвокат Мубашшир Аҳмад иши бўйича маълумот берди

24.07.2025 16:01

Мубашшир Аҳмад тахаллуси билан фаолият олиб борувчи таниқли диний уламо Алишер Турсунов иши бўйича адвокат Руслан Содиқов маълумот берди.

Жорий йил 10 май куни Туркиядан келтирилган Алишер Турсунов 75 кундан буён қамоқда сақланмоқда. Адвокатнинг маълум қилишича, дастлабки терговни ДХХ Тергов бошқармаси ўтказган.

«Эндиликда, жиноят иши тамомланиб, судга оширилганлиги боис, устознинг адвокати сифатида ишга оид баъзи тафсилотлар, шахсан ўзларининг ҳолатлари ва муносабатлари ҳақида қисқача маълумот беришни лозим кўрдим», деб ёзди Руслан Содиқов 24 июл куни Facebook'да.

Унинг айтишича, жиноят иши 2023 йил 11 август куни Шайхонтоҳур туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тергов бўлими терговчиси томонидан Жиноят кодексининг 244-3-моддаси билан қўзғатилган. Бу моддада «диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш» учун жавобгарлик белгиланган. Бу қилмиш жиноят сифатида эътироф этилиши учун олдин айни шу ҳаракат учун маъмурий жазо қўлланган бўлиши керак.

«Устоз Мубашшир Аҳмад домла Azon TV каналида олиб борган диний, маърифий фаолияти давомида 2023 йилда Диний қўмита хулосасини олмасдан диний мазмундаги материални ушбу канал орқали тарқатгани учун маъмурий жазога тортилган. 2023 йилда бу ҳолат такрорий содир қилинган деб топилиб, жиноят иши қўзғатилган», дея ёзди адвокат.

Маълум бўлишича, 2025 йил 11 май куни Алишер Турсунов ушланганидан сўнг, унга нисбатан Жиноят кодекси 244-1-моддаси 3-қисми «г» банди билан қўшимча айблов эълон қилинган. Бу айблов – жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни ОАВ ёки интернетда тарқатишни назарда тутади. Айбловга Алишер Турсунов ўз телеграм каналига жойлаштирган видеодаги суҳбат асос бўлган.

«Устоз ушланишида ва шу вақт ўзларига нисбатан ўтказилган тергов ҳаракатлари жараёнида ўзлари томонидан ёлланган ҳимоячилар хизматидан фойдаланишни талаб қилган, лекин талаб бажарилмагани сабабли, тергов ҳаракатларига оид ҳужжатларни имзолашдан бош тортган. Ҳимоячилар терговчига айни шу куни бир неча маротаба алоқага чиққан ва ҳатто қисқа хабарлар жўнатган, лекин терговчи эътиборсиз қолдириб, устозга нисбатан айбловни тўлдириш ва сўроқ қилиш, қамоққа олиш ҳақидаги илтимоснома киритиш ҳаракатларини давлат ҳисобидан таъминланадиган адвокат хизмати ёрдамида давом эттирган», дейди Руслан Содиқов.

2025 йил 14 май куни жиноят ишининг дастлабки тергови Давлат хавфсизлик хизмати Тергов бошқармасига ўтказилган. Шу вақт оралиғида адвокат мижози билан кўришишда муаммоларга дуч келган. Кейинроқ, Алишер Турсунов суҳбат давомида ўзига нисбатан «яхши муносабатда бўлишгани, ҳеч қандай руҳий ёки жисмоний тазйиқ ўтказилмагани»ни билдирган.

Шунингдек, тергов давомида «Azon Global» халқаро медиа-канали текширилиб, унинг фаолиятида Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, тинчлик ва хавфсизликка қарши оғир жиноятлар содир этилмагани аниқланган. Лекин, Исроилнинг Ғазода содир этаётган жиноятларига оид фикрларда «миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш» аломати аниқланиб, айблов ЖКнинг 156-моддаси 2-қисми билан тўлдирилган.

Адвокатнинг ёзишича, диний уламо айбловларга нисбатан муносабат билдириб, «Туркияда фаолият кўрсатгани сабабли, Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмитасидан хулоса олиш зарурияти йўқ деб ўйлагани, чунки ҳудудийлик жиҳатидан медиа фаолияти хорижда бўлгани, асло қонунга беписанд назарда бўлмагани»ни таъкидлаган.

Адвокат Руслан Содиқов судда жиноятнинг ушбу белгиларига оид хулосалар бўйича экспертларга кўплаб саволлари борлигини, ЖПКда белгиланган тортишувчанлик ва ҳақиқатни аниқлаш принциплари устуворлиги таъминланиши учун қонуний имкониятлардан тўлиқ фойдаланишини билдирди. Иш қачон ва қайси судда кўриб чиқилиши ҳақида маълумот берилмаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар