Тошкентнинг қайси туманларида уй-жой нархи арзонроқ?

18.07.2025 19:27



2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, республикада уй-жой савдолари ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ўн фоизга ошиб, 136 минг 500 хонадонга етган. Июнь ойининг ўзида 21 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатдан ўтказилган. Бу ҳам ўтган йилнинг шу ойига нисбатан уч фоиздан кўп. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг Ўзбекистон кўчмас мулк бозоридаги сўнгги ўзгаришлар бўйича таҳлилида айтилган.

Ҳудудлар бўйича ҳолат

Вилоятлар кесимида кўчмас мулк бозори барқарор ўсишда давом этмоқда. Энг катта ўсиш Жиззах вилоятида 29,9 фоиз, Навоий вилоятида 18,3 фоиз ва Сурхондарё вилоятида 17,7 фоиз қайд этилган. Айни пайтда Тошкент вилоятида савдо ҳажми 2,6 фоизга камайган.

Иккиламчи уй-жой бозори

Июнь ойида Ўзбекистонда иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари май ойига нисбатан унча катта бўлмаган, учдан бир фоиз атрофида ошган. Йиллик ҳисобда эса нархлар қарийб икки фоизга кўтарилган.

Жиззах вилоятида июнь ойида уй-жой нархлари бир оз пасайган бўлса-да, йил давомида ўсиш қарийб ўн икки фоизни ташкил этган. Сурхондарё, Хоразм, Наманган вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам уй-жой нархлари йилдан йилга ошиб бормоқда.

Тошкентда иккиламчи уй-жой бозори бир оз секинлашган. Ўтган йилга нисбатан нархлар деярли беш фоизга пасайган. Янги қурилган уйлар сегментида ҳам пасайиш кузатилган, аммо бу фақат икки фоиз атрофида.

Иккиламчи бозорда энг катта тушиш Мирзо Улуғбек, Яшнобод ва Чилонзор туманларида қайд этилган. Янги қурилган уйлар эса Учтепа, Юнусобод ва Шайхонтоҳур туманларида сезиларли арзонлашган.

Ижара

Тошкент шаҳрида июнь ойида уй-жой ижара нархлари ўзгармаган. Ҳозирда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 8 доллар атрофида.

Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархлари энг юқорилигича қолмоқда — бир квадрат метр учун ўртача 10 доллар.

Йиллик ҳисобда ижара нархлари икки фоиздан кўпроқ пасайган. Энг катта тушиш Учтепа, Яшнобод ва Чилонзор туманларида кузатилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар