Қурилиш қилаётган тадбиркорларга дарахт кесишга чеклов қўйиш нотўғри — Мурод Назаров

17.07.2025 21:44

Пойтахтда қурилиш қилаётган тадбиркорларга дарахтларни кесишга чеклов қўйиш нотўғри. Бу ҳақда 17 июль куни ўтказилган қурилиш соҳасига оид йиғилишда тадбиркор Мурод Назаров айтиб ўтди. 

Мурод Назаровнинг таъкидлашича, тадбиркорлар қурилиш жараёнига халал бергани учун айрим дарахтларни кесишга мажбур бўлади.

“Тошкент шаҳри бош режасига тузатиш киритиляпти. Яқинда чиқиб қолади, кутяпмиз. Бундан буён пойтахтда қурилишлар ё реновация, ё реконструкция ҳудудларида бўлади. Табиийки, бўш жой йўқ. Ҳар бир бино атрофида дарахт бор. Дарахтларни ўйламасдан кесиб ташлашгани учун катта резонансга олиб келиб, мораторий қўйилганди.

Лекин тан олиш керак, бу жойларда ҳатто реконструкция пайтида техникани қўяман деса ҳам дарахтлар халақит беради. Ва қанақадир йўллар билан барибир ҳам дарахтлар кесиляпти. Чеклов қўйиш керак эмас. Чекловлар коррупцияни кучайтиради. Имтиёзларга ҳам қаршиман”, дейди бизнес вакили.

Мурод Назаров мазкур масалага ечим сифатида таклиф берди. Унинг фикрига кўра, қурувчи компания зиммасига кесилган дарахтлар ўрнига янгиларини экишни юклаш керак.

“Ҳар бир қурувчи компания ёки бўлмасам, ҳатто учинчи шахс компания “дарахтлар банки” устида ишласин. Масалан, биз келаси ёки ундан кейинги йилда тахминан қанча қурилиш қилишимизни биламиз. Тахминан нечта дарахт кесилиши мумкинлигини ҳам ҳисоблаймиз. Кесиладиган дарахтлар ўрнига олдиндан янги дарахтларни экиб қўяйлик. Эртага нечта дарахт кесишга тўғри келса, диаметри, кўрсаткичлари белгилаб қўйилсин. Битта катта диаметрга нечта кичкина диаметр тўғри келади аниқ бўлсин. Кейин ҳокимият балансига ўтказиб кетаверади.

Керак бўлса, учинчи шахслар бу билан шуғулланади. Чунки дарахт экмаган компания бўлса, ўша лимитни учинчи шахсдан сотиб олсин. Натижада дарахт экишга ҳам инвестициядек қарала бошланади. Масалан, Миробод туманида кесадиган бўлсак, янги экилган дарахтларни ўша туман балансига (кесилган дарахт ўрнига) ўтказиб қўяйлик. Чеклов бўлгандан кўра, шунинг механизмини яратиб қўяйлик”, деди тадбиркор.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар