Тиббиётдаги ҳаддан ташқари божлар: Битта скалпел 10 минг доллар, 8 долларлик тиш имплантлари эса 5 мингга тушяпти

17.07.2025 17:27

Савдо-саноат палатасида 15 июль куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда HAYAT клиникалари тармоғи раҳбари Нуриддин Нуритдинов тиббий асбоб-ускуналарни рўйхатдан ўтказишга оид муаммоларни кўтарди. Унинг сўзларига кўра, пинцет ва скалпеллар каби оддий асбобларни рўйхатга олиш учун давлат божи БҲМнинг 84 бараварига тенг — тахминан 31,5 млн сўм.

“Агар скалпелнинг 10 та модификацияси бўлса, уни рўйхатдан ўтказиш тахминан 86 млн сўмга тушади. Умуман олганда, бир дона скалпел учун барча зарур ҳужжатларни расмийлаштириш тахминан $10 мингга тушиши мумкин. Германия компанияси “биз Ўзбекистон бозорини ҳали истиқболли деб ҳисобламаймиз” дея чиройли жавоб берди. Чунки рўйхатдан ўтказиш божини фирма тўлайди. Скалпелдан ташқари яна қайчи, пинсет ва бошқа асбоблар ҳам бор. Тасаввур қилинг, $10 минглик харажатларини қоплаш учун бундай скалпеллардан қанчасини сотиш керак? Устига устак, гувоҳнома ҳам 5 йилга амал қилади, кейин эса қайта рўйхатдан ўтиш керак”, — деди тадбиркор.

Солиштириш учун, Қозоғистонда ушбу жараён атиги 400–500 долларни ташкил қилади. Шу сабабли Германия компанияси Ўзбекистон бозорида иштирок этишдан бош тортган.

Ушбу вазият нафақат инвесторларни, балки ички бозордаги тиббий муассасаларни ҳам қийин аҳволга солмоқда. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобовнинг маҳаллий аналоглар мавжудлиги ҳақидаги саволига Нуритдинов маҳаллий маҳсулотлар етарли даражада сифатли эмаслигини айтди. Шу боис, клиникалар кўпинча импорт асбобларга муҳтож бўлиб қолмоқда, аммо уларни расмийлаштириш ортиқча юк бўлмоқда.

Бундан ташқари, Euro Stom Dental Clinic хусусий компанияси раҳбари Юсуф Жўраев стоматологияда ишлатиладиган тиббий маҳсулотларнинг 98%и Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаслигини айтди. Компания Жанубий Кореядан $8 лик тиш имплантларини импорт қилмоқчи бўлган. Бироқ рўйхатдан ўтиш нархи $5 мингга тушади. Тадбиркор, шунингдек, стоматологик маҳсулотларни рўйхатдан ўтказиш учун давлат божларини камайтиришга чақирди.

Айни пайтда, мазкур тартиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасдиқлаган прейскурант асосида амалга оширилади. Лекин ҳам вазирлик, ҳам боғлиқ марказ сайтида нархлар очиқ эълон қилинмаган. Бизнес вакиллари бу ҳолатни шаффофлик етишмаслиги ва асосланмаган харажатлар билан боғламоқда. Улар тизимли, оқилона ва шаффоф ечимларга эҳтиёж борлигини таъкидламоқда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар