Мураккаб табиати туфайли Сунъий интеллект дастурлари ишлаши ва ривожланиши давомида бошқа ҳисоблаш тизимларига нисбатан кўпроқ энергия талаб қилади. Шунингдек, юқори унумдор ҳисоблаш ускуналарини ишлатиш кучли иссиқлик ҳосил қилади. Моделини ишлаб чиқиш ва СИдан фойдаланиш жараёнида ускуна ҳаддан ташқари қизиб кетишининг олдини олиш учун қурилмани совутишда жуда кўп сув сарфланади. Бу жараёнда, тахминларга кўра, 700 000 литр чучук сув тўғридан-тўғри буғланиши мумкин.
Тадқиқот натижалари
Калифорния университетида ўтказилган тадқиқот 2027 йилга келиб СИ дастурлари кўпайиши ортидан 4,2-6,6 миллиард куб/метр сув истеъмол қилиниши эҳтимоли бор.
Дунёда ичимлик ва маиший мақсадда фойдаланиладиган сув таъминоти чекланган, ер усти сув ресурслари дунё бўйлаб тақсимланади. Қишлоқ хўжалиги ва шаҳар инфратузилмасидан ташқари сунъий интеллект иловалари шундоқ ҳам танқис оби ҳаёт миқдорини янада камайтиради.
СИ билан боғлиқ чип ва сервер, шунингдек сунъий идрок модели яратилиши ва фаолияти жараёнида истеъмол қилинадиган электр энергияси ишлаб чиқаришда ҳам сувдан билвосита фойдаланилади.
2022 йилги тадқиқотга кўра, Сунъий интеллектнинг углерод изи 24,7 тонна карбонат ангидрид эмиссиясига тенг. Ускуна ишлаб чиқариш ва модел ишлатишда эса бу миқдор 50,5 тонна.
Сув ва энергия сарфини қандай камайтириш мумкин?
Сунъий интеллектни қўллашда сув ва энергия сарфини имкон даражасида камайтириш учун углерод ва сув изини мунтазам равишда кузатиб бориш ва шу асосда ҳисобот тайёрлаш муҳим.
Барқарорликни таъминлаш учун маълумотни ошкора алмашиш, қайта тикланадиган энергия манбаларига устувор аҳамият бериш, совутиш учун ичимлик ва маиший сувдан фойдаланишни чеклаш зарур.