Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ижтимоий тармоқларда Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) ҳамда бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсиялари асосида Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.
Жамғарма баёнотида таъкидланишича, бугунги кунда пенсия ёшини ошириш бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган. Ҳозирда ушбу тавсияларнинг барчаси ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда, уларнинг Ўзбекистон шароитига мослиги, аҳолининг турмуш даражасига таъсири таҳлил қилинмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 600-сонли қарори асосида давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи тузилган. Бу вазифа «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини амалга оширишга оид давлат дастурига ҳам киритилган.
Таъкидланишича, 2024 йил декабрь ойидан бошлаб ХВЖ, Жаҳон банки, ОТБ, ХМТ иштирокида пенсия ислоҳотларининг асосий йўналишлари муҳокама қилинмоқда.
Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси бўйича таклифларда қуйидаги асосий вазифаларга эътибор қаратилмоқда:
фуқароларнинг пенсия билан қамровини ошириш;
ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш;
кексаликда муносиб пенсия билан таъминлаш;
умр кўриш давомийлигини ҳисобга олиш;
Пенсия жамғармаси бюджетини баланслаштириш;
аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш.
Халқаро экспертларнинг тавсиялари
Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган ҳужжатлар — бу халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистон ҳукумати учун тайёрланган тавсия ва маслаҳатлар тўпламидир. Бу тавсиялар якуний қарор эмас, балки ислоҳот йўналишларини белгилашда ўрганилаётган вариантлардан биридир.
ХВЖ, Жаҳон банки, ОТБ, ХМТнинг умумий тавсиялари пенсия ёшини ошириш, ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар ва муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартибини бекор қилиш, амалдаги энг юқори 5 йиллик иш ҳақидан пенсия ҳисоблаш тартиби ўрнига бутун меҳнат фаолияти давомидаги ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисоблашга ўтиш, ижтимоий бадаллар ставкаларини қайта кўриб чиқиш масалаларига бағишланган.
Халқаро маслаҳатчилар кенгаши Ўзбекистондаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олиб, қуйидагиларни таклиф қилди:
пенсия ёшини ошириш;
фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимида иштирокини таъминлаш;
норасмий бандликни камайтириш орқали пенсия тизими қамровини ошириш;
меҳнат мигрантларини пенсия тизимига жалб қилиш учун улар ишлаётган мамлакатлар билан икки томонлама ижтимоий таъминот шартномаларини тузиш;
пенсия тайинлашда иш ҳақининг юқори чегарасини ошириш;
нодавлат пенсия жамғармалари жорий қилиш.
Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар уюшмаси эксперти томонидан қуйидагилар тавсия қилинди:
кўп даражали пенсия тизимини жорий қилиш;
мослашувчан пенсия ёшини киритиш;
минимал пенсия талабини қайта кўриб чиқиш;
ижтимоий солиқлар бўйича берилган имтиёзларни бекор қилиш ёки давлат бюджетидан субсидия ажратиш;
фуқароларни пенсия тизимида иштирокини таъминлаш.
Аммо Пенсия жамғармаси ушбу тавсияларнинг барчаси ҳозирда ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини таъкидлади.
«Пенсия тизимига киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар, жумладан, пенсия ёшига оид масалалар ҳам, албатта, кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, халқнинг фикри ва манфаатлари инобатга олинган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилади», — дейилади жамғарма хабарида.