Улан-Баторда Шавкат Мирзиёевни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди

24.06.2025 17:40

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга борди.

“Буянт-Ухаа” халқаро аэропортида Ўзбекистон Президентини Мўғулистон ташқи ишлар вазири Батмунх Батцэцэг, Мўғулистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дааданхуугийн Батбаатар ва бошқа расмий шахслар кутиб олди.

Давлат ташрифи доирасида Сухбаатара майдонида расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Маросимда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ва рафиқаси Зироатхон Мирзиёевани Мўғилистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух ва унинг рафиқаси Лувсандоржийн Болорцэцэг тантанали тарзда кутиб олди.

Маросимда фахрий қоровул саф тортди, икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. Шунингдек, икки давлат делегациялари аъзолари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан қисқача учрашув бўлиб ўтди.

Шундан сўнг, Ўзбекистон ва Мўғилистон президентлари Чингизхон ҳайкали пойига гул қўйиб, Давлат саройига йўл олишди. Давлат саройида Шавкат Мирзиёев фахрий меҳмонлар китобига дастхат қолдирди.

Ушбу ташриф Ўзбекистон Президентининг Мўғилистонга илк давлат ташрифи бўлиб, у мамлакатлар ўртасидаги муносабатларда янги даврни бошлаб бериши кутилмоқда.

Ташриф доирасида икки мамлакат ўртасида фойдали қазилмалар, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир муҳим ҳужжатлар имзоланиши режалаштирилган.

Шунингдек, Улан-Батор шаҳрида Ўзбекистон – Мўғилистон бизнес-форуми, “Made in Uzbekistan” кўргазмаси, туризм форуми, ўзбек санъати намоёнлари ва миллий ошхона куни каби кенг кўламли тадбирлар ташкил этилиши кўзда тутилган.

 

 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар