Ўзбекистонликларнинг 94 фоизи пластик картага эгалигига қарамай нақд пулдан фойдаланувчилар улуши юқори

21.06.2025 13:00



Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТММ)  Ўзбекистон аҳолисининг банк хизматларига муносабати қандай эканини ўрганди. Марказ маълумотларига кўра, тадқиқот республиканинг барча ҳудудларидан 1100 дан ортиқ фойдаланувчини қамраб олган. 

«Тадқиқот натижалари аҳолининг банк пластик карталари билан кенг қамровли таъминланганлигини кўрсатмоқда: сўров иштирокчиларининг 94%и камида битта фаол банк картага эга эканлигини билдирди», — дейилади ИТИМ пресс-релизида.

Бироқ респондентларнинг 27 фоизи ҳали ҳам фақат нақд пулдан фойдаланади, яна 32 фоизи иккаласини ҳам ишлатади. Яъни деярли 60% ҳали ҳам у ёки бу тарзда «нақдда яшайди». Респондентлар томонидан келтирилган сабаблар: нақд даромад (40%), масофавий хизматларга ишончсизлик (35%) ва қоғоз чек зарурлиги (12%). 

Сўровнома натижаларига кўра, респондентларнинг 70 фоизи «банк брендларини танлашда асосий манба сифатида дўстларнинг тавсияларига таянишган», рақамли каналлар, жумладан, банк веб-сайтлари ва ижтимоий тармоқлар эса атиги 14 фоизни ташкил этади. 

«Кредитлар бўйича сўровда қатнашган респондентларнинг 51% жорий кредит мажбуриятларига эга. Шу билан бирга, қарз олувчиларнинг 55%и иш ҳақи картасига хизмат кўрсатадиган банкдан кредит олган», — дейилади пресс-релизда. 

Банк хизматларини танлаш омиллари орасида респондентларнинг 63 фоизи уй ёки иш жойига яқин банкни танлаган. ИТИМ буни «маҳаллийлаштирилганлик» деб атади. 

Депозитлар қамрови даражаси респондентлар умумий сонининг 20 фоизини ташкил қилади, банклар ўртасидаги фарқлар аниқ эмас. Аммо бу ерда ҳам 64% респондент иш ҳақи пластик картасига хизмат кўрсатадиган банкни танлаган.

Шунингдек, респондентларнинг аксарияти банк хизматларини яхшилаш зарурлигини таъкидламоқда: сўралганларнинг 38 фоизи кредитлар билан, 25 фоизи тўлов хизматлари билан ишлашни яхшилашни сўраган. Айнан шу ҳар куни банк билан учрашиладиган ҳудуд: пул ўтказмалари, тўлов, касса, комиссия, лимит.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар