Энди давлат хизматчилари маоши уларнинг иш тажрибаси, натижадорлигидан келиб чиқиб шакллантирилади

20.06.2025 21:20


“Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент фармонида белгиланишича, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда 2025 йил 1 ноябрга қадар давлат хизматчиларининг ойлик иш ҳақи тизимини тубдан такомиллаштиришга оид президент фармони лойиҳасини киритиши лозим.

Ҳужжатда белгиланишича, 2026 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари билан меҳнат шартномаси дастлаб бир йил муддатга тузилади ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра меҳнат шартномаси номуайян муддатга узайтирилади.

Давлат хизматига биринчи марта қабул қилинган давлат хизматчилари мажбурий “Давлат хизматига кириш” махсус курсларини ва кейинчалик ҳар уч йилда камида бир маротаба малака ошириш курсларини ўтайди ҳамда мазкур курсларнинг якунлари бўйича уларнинг назарий билим ва кўникмалари диагностикадан ўтказилади.

Диагностикада давлат хизматчиларининг тегишли соҳа ва тармоқ бўйича билим даражаси, ҳужжатларни тузиш ва давлат тилида иш юритиш кўникмалари, таҳлилий, раҳбарлик ва коммуникативлик малакалари, компьютер саводхонлиги, қонунчиликдаги янгиликларни, Ўзбекистон тарихи ва хорижий тилларни ўзлаштирганлиги, умумий эрудицияси, психологик диагнози ва интеллектуаллик коэффициенти (IQ) каби кўрсаткичлари баҳоланади.

Диагностика ва фаолият самарадорлиги (KPI) натижалари Ходимларнинг касбий компетенсиялари ривожланишини узлуксиз онлайн мониторинг қилиш тизимида йиғилади ва таҳлил қилинади. Мониторинг тизими таҳлили натижаларига кўра, ходимнинг мавжуд билим ва кўникмаларини касбий ривожлантириш харитаси — портфолиоси яратилади.

Касбий ривожлантириш харитаси асосида давлат хизматчиси ривожлантириши лозим бўлган “юмшоқ” ва “қаттиқ” кўникмалари бўйича мажбурий малака ошириш, шу жумладан, мустақил таълим олиш дастурини ўтайди.

Вазирлик ва идоралар томонидан ходимларни хорижда ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкасини ташкил этиш, шу жумладан, грантлар ёки донорлар маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида давлат хизматчиларини ўқитиш, тайёрлаш, малакасини ошириш ҳамда стажировкаси билан боғлиқ тадбирлар мажбурий тартибда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан келишилгандан сўнг амалга оширилади.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар