Киберхавфсизлик тарихидаги энг йирик махфий маълумотлар сизиб чиқиши содир бўлди

19.06.2025 18:57



Ахборот хавфсизлиги тарихидаги энг йирик махфий маълумотлар сизиб чиқиши содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, жами 16 миллиард дона аккаунт логин ва пароллар интернетга тарқалган

Ушбу улкан сизиб чиқишда қуйидаги хизматларнинг фойдаланувчилари зарар кўрган:

Apple;
Facebook;
Google;
Telegram;
GitHub;
шунингдек, давлат ва бизнес хизматлари сайтлари.

Мутахассисларнинг маълум қилишича, маълумотлар инфостилер (маълумот ўғирловчи зарарли дастур) деб номланувчи зарарли дастурлар орқали йиғилган. Бундай дастурлар қурилмалардан логин-пароллар, браузер кукилари ва бошқа шахсий маълумотларни яширинча ўғирлайди.

Интернетда топилган 30 та маълумотлар базаси ҳар бирида ўн миллионлаб, айримларида эса 3,5 миллиардгача логин-пароль мавжуд. Ҳар бир ёзувда URL, логин ва пароль кўрсатилган, айрим ҳолларда авторизация токенлари ва бошқа метамаълумотлар ҳам мавжуд.

“Бу шунчаки маълумотлар тарқалиши эмас – бу тўлиқ киберҳужумлар қўлланмаси. “Ҳужумчилар” ушбу маълумотлардан аккаунтларни бузиш, шахсни ўғирлаш, фишинг ва бошқа ёмон мақсадлар учун фойдаланиши мумкин”, дея огоҳлантирмоқда “Cybernews” экспертлари.

Ушбу базаларнинг баъзилари бир муддат ҳимояланмаган булутли хотираларда очиқ ҳолатда турган. Уларни ким назорат қилгани номаълум, лекин айримлари кибержиноятчилар томонидан йиғилган.

Бу оддий фойдаланувчилар учун  қанчалик хавфли?

Ҳатто паролларнинг бир қисми такрорий бўлса ҳам, бу сизиб чиқиш катта хавф туғдиради. 

Чунки улар орқали:

автоматлаштирилган тарзда аккаунтлар бузилиши (credential stuffing),
фишинг ҳужумлари,
email, VPN, ижтимоий тармоқлар ва ишдаги аккаунтлар бузилиши,
зарарли ҳаволалар юборилиши,
бизнесга қарши ҳужумлар амалга оширилиши мумкин.

Нима қилиш керак?

“Cybernews” мутахассислари қуйидагиларни тавсия қилади:

Ҳар бир хизмат учун ноёб ва мураккаб пароль яратиш;
Икки босқичли аутентификацияни ёқиш;
Компьютер ёки телефонда инфостилерлар бор-йўқлигини текшириш;
Номаълум сайтларда логин киритмаслик ва шубҳали ҳаволаларга ўтмаслик.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
1
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар