Республика бўйлаб ўрганиш ишлари давомида 2800 дан ортиқ автобус бекатида қатор камчиликлар аниқланди, дея хабар бермоқда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси.
Қайд этилишича, қўмитага келиб тушган мурожаатлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари томонидан қолдирилаётган мурожаатларда автобус бекатлари белгиланган талаб даражасида эмаслиги ва унда йўловчилар учун етарли даражада қулайликлар яратилмагани юзасидан кўплаб эътирозларини билдиришмоқда.
Мазкур мурожаатлар асосида қўмита ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан танланма усулида 2800 тадан ортиқ бекат фаолияти ўрганиб чиқилган. Ўрганишларда уларда белгиланган нормаларга номувофиқ фаолият кўрсатаётган баъзи бекатларда қуйидаги камчиликлар аниқланган:
286 та ҳолатда кутиш залларининг учта томони махсус тўсиқлар билан ёпилмаганлиги сабабли йўловчилар иссиқ ва совуқ ҳаводан ҳимояланмаган;
210 та ҳолатда кутиш залларида савдо шохобчалари жойлаштирилган;
387 та ҳолатда ногиронлар учун махсус кўтарма пандуслар мавжуд эмас;
412 та ҳолатда кутиш залларида электр ёритгичлар ўрнатилмаган;
57 та ҳолатда ёмғир, қор ва шамолли кунларда йўловчилар учун павильон мавжуд эмас;
156 та ҳолатда бекат номи ёзилган кўрсаткич қўйилмаган;
255 та ҳолатда йўналишнинг тартиб рақами мавжуд эмас.
Давлат стандартлари ва автомобиль транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидаларига (Вазирлар Маҳкамасининг 482-сон қарори) мувофиқ, шаҳар атрофи йўналишларидаги бекатлар йўловчиларнинг у ерга хавфсиз ва қулай келишини таъминлаши керак. Павильонни жойлаштириш учун асфалтланган майдончалар ва йўловчиларнинг бекатга келиши учун асфалтланган йўлкалар, белгилар ва ёритиш талаб қилинади. Савдо шохобчаларини кутиш жойлари ичида жойлаштириш тақиқланади.
Бекатлардаги шарт-шароитлар «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунга ҳам зид бўлиб, унга кўра, истеъмолчилар сифатли ва хавфсиз хизматлар кўрсатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга, дейилади қўмита хабарида.
Қўмита томонидан ўрганишда аниқланган юқоридаги каби камчилик ва қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиш чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Транспорт вазирлиги ҳамда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига тегишли кўрсатма юборилди.