"Бизнесни ривожлантириш банки" мамлакатимизда биринчи бўлиб “BRB Mobile” иловасида сунъий интеллект асосида қурилмадаги шубҳали иловалар ҳамда зарарли дастурларни аниқлаш имконига эга “Session antifraud” тизимини жорий этди.
Бу ҳақда банк томонидан 2025 йил 17 июнь куни “Рақамли мижозлар сонини ошириш: натижалар ва режалар” мавзусида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” AТБ Бошқаруви раҳбарияти, мижозлар ва ОАВ вакиллари иштирок этган анжуманда мобил илованинг муваффақиятли жорий этилиши натижасида рақамли мижозлар сони билан бир қаторда электрон хизматлар ҳажми ҳам тобора ўсиб бораётгани қайд этилди.
Маълум қилинишича, 2026 йилнинг охирига қадар “BRB Mobile” мобил иловаси фойдаланувчилари сонини 1,6 млн нафардан ошириш режалаштирилган. Ҳозирги кунда иловадан 546 мингдан ортиқ мижоз рўйхатдан ўтган.
Жорий йилнинг дастлабки 5 ойи давомида 2,3 млнга яқин тўлов транзакциялари амалга оширилган. Ўтган йилнинг мос даврида мазкур кўрсаткич 2 млнга ҳам етмаган (1,9 млн). Кредит ҳамда банк картаси олиш учун тақдим қилинган аризалар сони эса 66 мингтадан ортиқ бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,3 баробарга ошган.
“BRB Mobile” иловасининг барқарор ишлашини таъминлаш ва унинг функционаллигини янада яхшилаш мақсадида, банк томонидан ҳозирга қадар 33 та лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди. Онлайн авто ва таълим кредитлари, овердрафт, банк картасига буюртма бериш каби хизматлар шулар жумласидан. Ҳозирда микросервислар, онлайн суғурта, “BRB NEO” ва VISA-сўм сингари 8 та лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Банкнинг хизмат кўрсатиш офисларида тақдим қилинаётган жами 52 турдаги хизматларнинг 43 таси ёки 83 фоизидан мобил илова орқали фойдаланиш имконияти яратилди.
“Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ келгусида ҳам рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда хизматлар кўламини кенгайтириш, замонавий банк хизматларининг янги турларини жорий этиш орқали мижозларга қулайлик яратишга устувор аҳамият қаратади.
Реклама ҳуқуқи асосида