Кеча,13 июнь куни Сирдарё вилоятида Бизнес-омбудсман девони томонидан “Миллий брендлар орқали глобал бозорга: Сирдарёда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва бизнес имкониятлари” мавзусида пресс-тур ташкил этилди. Тадбир давомида журналистларга институт фаолиятининг 8 йиллик натижалари тақдим этилди.
Маълум қилинишича, Бизнес-омбудсман институти томонидан шу кунгача тадбиркорлардан келиб тушган 50 мингга яқин мурожаат кўриб чиқилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар бўйича 14 мингдан ортиқ ҳуқуқий таъсир чораси давлат органларига нисбатан қўлланилган.
Фаолият давомида 1 300 дан ортиқ мансабдор шахс интизомий жазога тортилган, давлат органларининг 1 300 дан ортиқ қарор ва ҳужжатлари бекор қилинган, 10 мингдан ортиқ мансабдор эса маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, тадбиркорларга ноқонуний олиб қўйилган 12,6 минг гектардан ортиқ ер майдонлари қайтарилган.
Пресс-тур доирасида ОАВ вакиллари Сирдарё вилоятидаги бир қатор йирик саноат корхоналари — “WANG DA GROUP” ҚК, “EURASIA GAZ BETON”, “Elegant Fiber Textile”, “POLY TEX SIRDARYO” ҳамда “POLITEX SIRDARYO” корхоналарига ташриф буюриб уларнинг фаолияти билан танишдилар.
Маълумотларга кўра, Сайхунобод туманида жойлашган “POLITEX SIRDARYO” пахта-тўқимачилик кластерида ҳозирда 500 нафарга яқин ишчи меҳнат қилмоқда, уларнинг катта қисмини хотин-қизлар ташкил этади. Корхона йилига 15 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқариб, 10 миллион долларини экспортга йўналтирмоқда.
"Корхонамизнинг яқин истиқболдаги режаси — ярим тайёр маҳсулотдан тўлиқ тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ўтишдир. Ҳозирда бўёқ ва газлама матолар ишлаб чиқариш бўйича қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. 2025 йил якунига қадар ушбу йўналишни йўлга қўйиб, экспорт ҳажмини 25 миллион доллардан оширишни мақсад қилганмиз," дейди корхона раҳбари Дурбек Абдураҳмонов.