Исроил ва Эрон ўртасида кескин ҳарбий тўқнашув: минтақавий зиддият кучаймоқда

14.06.2025 10:08

2025 йил 13 июнь куни кечқурун Эрон Исроилга қарши 150 дан ортиқ баллистик ракета учирди. Бу ҳужум Исроилнинг Теҳрондаги  "Кўтарилувчи шер" номли амалиётига жавоб сифатида амалга оширилган. Мазкур амалиёт оқибатида Эронда юқори лавозимли ҳарбийлар, олимлар ва ядровий инфратузилма зарар кўрган эди.

Эрон ўз тарихида биринчи марта сувости кемаларидан баллистик ракета қўллади. АҚШ манбаларига кўра, Исроилга қарши ракета ҳужумларининг бир қисмини АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган мудофаа тизими йўқ қилган. Эрон Ислом Инқилоби Соқчилари Корпуси (ИИСК) Исроилнинг ракета ишлаб чиқариш марказлари ва ҳарбий саноат объектларига зарба берилганини маълум қилди.

Жавоб тариқасида Исроил ҳам Эрондаги "Ҳамдам" ва "Тебриз" ҳарбий базаларига ҳаво ҳужуми уюштирди. Шунингдек, баъзи манбалар Эрондаги айрим ҳаво ҳужумидан мудофаа (ПВО) тизимлари йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Аммо, саккизта Исроил самолёти уриб туширилгани ва бир аёл учувчи асирга олингани ҳақидаги маълумотлар ҳозирча расмий тасдиғини топмаган ва текширилмоқда.

Можаро оқибатида Тел-Авивда 21 киши жабрланди, шундан бири оғир аҳволда. Эронда эса расмий манбаларга кўра, камида 78 киши ҳалок бўлган, 300 дан ортиғи тан жароҳати олган. Қурбонлар орасида болалар ва олимлар ҳам борлиги айтилмоқда.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу “Бу уруш узоқ давом этади, мақсад — Эрон ядровий салоҳиятини йўқ қилиш”, деб баёнот берди. Эрон президенти Масуд Пезешкиан эса “Халқаро қоидалар бузилди, Исроил ўз жавобини олади”, дея жавоб қайтарди.

Ушбу кескинлик минтақавий барқарорликка жиддий таҳдид солмоқда ва халқаро ҳамжамият томонидан диққат билан кузатилмоқда. Вазиятнинг кейинги ривожи бутун Яқин Шарқ минтақасига таъсир қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳужумлар оқибатида Исроил Эронга уюштирилган ҳарбий зарбалардан сўнг дунё бўйлаб элчихоналар ва консулликларини ёпди.

Ўзбекистон элчихонаси ҳам Исроилда ракета отишмалари кутилаётганлиги сабабли у ерда истиқомат қилувчи юртдошларимизни огоҳлантириб, тезкор эҳтиёт чораларини кўришни қатъий тавсия қилди. (https://t.me/rost_24uz/12711)

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар