Ҳисоботларда ҳаммаси аъло, аммо қувурлар қуруқ

11.06.2025 21:09

Расмий ҳисоботларга қарасангиз, Ўзбекистонда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида сўнгги йилларда улкан муваффақиятларга эришилган. 2017 йилда 63,7 фоиз аҳоли тоза сув билан таъминланган бўлса, 2024 йилга келиб бу кўрсаткич 81 фоизга етди. Яъни, саккиз йил ичида 9 миллион киши марказлашган ичимлик суви тизимига уланган. Бу, албатта, катта ютуқдек кўринади.

Бироқ... 

Натижалар қандай?

«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати томонидан юртимиз бўйлаб 101 та маҳаллада ўрганилган 99 та лойиҳа чоғида кўплаб муаммолар аён бўлди (https://yuksalish.org/uz/news_detail/818). Хусусан, расмий ҳисоботларга кўра фойдаланишга топширилган 67 та лойиҳанинг 23 тасида қурилиш ишлари тўлиқ якунланмагани, 28 та лойиҳа муддатида фойдаланишга топширилмагани аниқланди.

Масалан, Наманган вилояти Чуст туманидаги «Янги Ўзбекистон» массивидаги кўп қаватли уйларда оқова сув тизими бутунлай йўқ. Сирдарё вилоятидаги Бахт, Истиқлол ва Аҳиллик маҳаллаларида эса тизим бор, лекин ишламайди.

Мониторинг жараёнида 9 та маҳаллада қурилиш ва таъмирлаш ишлари сифатсиз бажарилгани қайд этилди. Жиззах шаҳридаги Улуғбек ва Қалия маҳаллаларидаги сув миноралари хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланди. Наманган вилоятидаги Гулзор маҳалласининг янги уйларида оқова тизимидаги хатоликлар оқибатида ёқимсиз ҳид ва техник муаммолар пайдо бўлган.

Шунингдек, 15 та маҳаллада сув тизимлари қуриб битказилганига қарамай, сув таъминоти тўлиқ йўлга қўйилмаган. Жиззах вилояти Арнасой туманидаги Зарафшон маҳалласининг 7 та кўп қаватли уйида сув фақат 3 кунда бир марта, ярим соатга келади.

Мониторинг чоғида яна бир жиддий муаммо – бошқарувдаги самарасизлик ва назорат етишмаслиги намоён бўлди. Масъул идоралардан Президент фармонида белгиланган мақсадли кўрсаткичлар бўйича аниқ манзилли маълумотлар сўралганда, бундай ҳисоботлар юритилмаслиги маълум бўлган. Бу эса очиқлик ва ҳисобдорликнинг йўқлигига ишора қилади.

Аҳоли билан олиб борилган тўғридан-тўғри суҳбатларда эса муаммолар фақат техник эмас, балки кундалик ҳаёт сифатини кескин пасайтираётган иижтимоий муаммолар экани тасдиқланди.

Чоралар бор...

Тоза ичимлик суви ҳар бир инсоннинг табиий ва ажралмас ҳуқуқи, фаровон ҳаёт кафолати ҳисобланади. Агар давлат лойиҳалари ортида реал фойдаланиш имконияти бўлмаса, рақамлар ҳаёт сифатини ифода этмайди. Аниқланган камчиликларни бартараф  этиш чоралари бор, аммо ижро масаласи юқоридаги каби бўлса, вазият ўнгланмайди.

Ўтказилган жамоатчилик мониторинги натижасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш ва олдини олиш юзасидан қуйидагилар таклиф этилади:

Сув лойиҳалари бўйича ҳар бир туманга бириктирилган техник муҳандисларни ҚМҚ 2.04.02-19 «Сув таъминоти. Ташқи тармоқлар ва иншоотлар» қурилиш меъёрлари ва қоидалари” бўйича ўқитиш;

Сув ва оқова сув тизими объектларини фойдаланишга топширишда «Сувтаъминот» АЖ техник мутахассислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокини таъминлаш;

Масъул ташкилотлар томонидан аҳолини ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг очиқ ҳисоботини юритиш тизимини жорий этиш;

Лойиҳаларни аниқ режалаштириш ва барча ҳудудларни қамраб олиш, лойиҳаларни тайёрлашда барча хонадонларни қамраб олишни кафолатлайдиган дастурий таъминот ва мониторинг тизимларидан фойдаланиш;

Режалаштирилаётган лойиҳаларда хориж тажрибаси асосида замонавий технологиялардан фойдаланиш.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар