Бюджет пуллари “ҳавога учмоқда”ми? Қиммат маслаҳатлар, миллиардлик принтерлар ва шубҳали харажатлар

10.06.2025 10:07

Вазирлик, идоралар ҳамда ҳокимликлар томонидан давлат маблағларининг сарфланиши тобора кўпроқ жамоатчилик эътиборида бўлмоқда. Ҳар куни ҳокимликлар ва вазирликлар томонидан қабул қилинаётган миллиардлаб сўмлик қарорлар ортидаги мантиқ, самарадорлик ва бунинг халққа қандай фойдаси борлиги ҳақида саволлар ортиб бормоқда. Айрим мисоллар бу хавотирнинг асоссиз эмаслигини кўрсатади.

Қимматбаҳо маслаҳат: Россия тажрибаси нега бунчалик қиммат?

2025 йил апрель ойида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Россия тажрибасини ўрганиш мақсадида "Яков и Партнёры" хусусий консалтинг компаниясидан маслаҳат хизматини харид қилди — нархи 15,7 миллиард сўм (тақрибан 1,3 миллион доллар).

Шу ўринда асосли саволлар туғилади:
– Нега айнан шу компания танланди?
– Бу қандай қимматбаҳо маслаҳат бўлди?
– У камбаҳалликни камайтиришга ёрдам берадими ёки фақат ҳисоботда қолиб кетадими?

Жамоатчиликни қизиқтирган яна бир масала — бу маблағлар учун қандай натижа кутилади ва уни текширувчилар қандай баҳолайди? Бу ҳақида ҳам ҳозирча бирор расмий хабар келтирилмаган.

Миллиардлик принтерлар

2025 йил апрель ойида Ички ишлар вазирлиги ўтказган тендерда SSD SLAES ва NEW TECHNIQUES 777 МЧЖлар ғолиб деб топилиб, 1,8 миллиард сўмлик рангли принтерлар етказиб бериш шартномасини олди. Бу миқдордаги маблағга қанча принтер сотиб олинди? Бу ҳақида ҳам ҳозирча аниқ жавоблар йўқ.

“Қовун сайли” учун 20 миллионлик сайт?

Хоразм вилоятида ўтказиладиган “Қовун сайли” фестивали доирасида 20 миллион сўм эвазига расмий веб-сайт яратилиши режалаштирилган. Аммо бундай харажатнинг мақсадга мувофиқлиги муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Йилда фақат бир марта фаол бўладиган веб-сайт учун бу даражада маблағ сарфланиши қанчалик асосли?

Шу каби айрим вилоятлардаги бюджет сарфлари турли саволларни келтириб чиқаради. Масалан, Бухорода ахборот хизмати учун “техника хариди” мақсадида 1,3 миллиард сўм ажратилган бўлса, Наманганда "Футбол куни" муносабати билан ўтказилган бир кунлик ўқув-семинарга 75,4 миллион сўм сарфланган. Бироқ, бу маблағларнинг аниқ мақсади, ким учун ва қандай шартларда йўналтирилгани ҳақида жамоатчиликка аниқ ахборот тақдим этилмаган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар