Ўзбекистонда бир йилда иш ҳақи 17,8 фоиз ўсган, ипотека тўловлари эса 44 фоизга кўтарилган

07.06.2025 20:56

Марказий банк 2024 йилга оид Молиявий барқарорлик кўчмас мулк бозори қандай ўзгараётганини таҳлил қилди. Қайд этилишича, мамлакатда уй-жойлар нархи ўсиши тўхтаган бўлса-да, қиймат ҳали ҳам юқори.

Уйлар асл нархидан қиммат

2024 йилда Ўзбекистонда уйлар нархлари кескин ўсмади, лекин бозордаги нархлар ҳали ҳам уйларнинг асли (фундаментал) қийматидан 17 фоиз юқори. Ўтган йили уй нархлари йиллик ўсиш суръати 18,2 фоизни ташкил этди, бироқ бу 2023 йилдагидан 14,2 фоизга кам.

Таҳлил қилинишича, банкларда ипотека кредити бериш шартлари қийинлашгани ва аҳолининг реал даромадига мос нархлар шакллана бошлаши туфайли талаб пасайган.

Йил давомида ипотека кредитлари қимматлашиб, фоизлари ошди. Қарзни тўлаш муддати қисқартирилгани ҳисобига ипотека кредитлари учун хизмат кўрсатиш харажатлари ўсган. Натижада ойлик тўлов қиймати кўтарилиб, одамларда кредитга уй олиш имкони торайган.

Йил давомида ўртача иш ҳақи 17,8 фоиз ўсган бўлса, ипотека тўловлари миқдори 44 фоизга кўтарилган. Бунинг таъсирида одамларнинг уй олиш қобилияти 27 фоизга пасайган.

Уй-жой сотиб олиш камайди

Ўтган йили республикада жами 329 мингта уй сотилган. Бу кўрсаткич 2023 йилдагига қараганда 2,2 фоиз кам. Мазкур пасайишга ипотека олишдаги чекловлар ва бозордаги нархларнинг қисман реаллашуви сабаб бўлган.

2023 йил якунида Ўзбекистонда жами 7,5 миллионта уй-жой бўлган. Бу аҳолининг ҳар 5 нафарига 1 та уй тўғри келишини англатади.

2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, банклардаги кредитларнинг 13 фоизи ипотекага тўғри келган. Марказий банк шарҳига қараганда, бу кўрсаткич банклар учун катта хатар яратмайди.

Ипотека кредитлари билан вазият қандай?

Ўтган йили аҳолига ажратилган ипотека кредитлари миқдори 17,1 трлн сўмни ташкил этди. Шундан 92 фоизи уй-жой сотиб олишга сарфланган. Йил давомида ажратилган ипотека кредитлари сони 58,9 мингтани ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 14 фоизга камайган.

“Мамлакатнинг меҳнатга лаёқатли ёшдаги доимий аҳолиси таркибида ипотека кредити мавжуд жисмоний шахслар улушининг ўсиш суръатида ҳам секинлашиш кузатилган. Жумладан, 2024 йил якунида ҳар мингта меҳнатга лаёқатли ёшдаги доимий аҳолига тўғри келадиган ипотека кредити олувчилар сони 18 кишини ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 7 фоизга ўсган.

Шунингдек, 2024 йилда ҳар мингта меҳнатга лаёқатли ёшдаги доимий аҳолига тўғри келадиган ипотека кредити олувчилар сонининг ўсиш суръати 2023 йилга нисбатан 4 фоиз бандга камайган”, дея маълум қилган Марказий банк.

Ўтган йилда аҳолига ажратилган ипотека кредитларининг ўртача миқдори 291 млн сўмни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 18 фоизга ошди. Бунда уй-жой бозор нархларининг ўсиши ажратилган ипотека кредитлари ўртача миқдорининг ортишига таъсир кўрсатди.

“Банклар томонидан ипотека кредити ажратиш стандартлари бир оз қатъийлашди. 2024 йилда ажратилган ипотека кредитларининг ўртача тортилган сўндириш муддати 16,6 йилни ташкил этиб, 2023 йилга нисбатан 0,8 йилга қисқарди”, дея қайд этган регулятор.

Ҳисоб-китобларга қараганда, 2024 йилда ўртача тортилган ипотека кредити фоиз ставкаси 0,5 фоизга ортиб, 19,8 фоизни ташкил этган.

Шарҳланишича, банклар ипотека бериш талабларини қатъийлаштиргани икки томонлама таъсир қилмоқда. Бир томондан, кредит олиш ва уни тўлаш қийинлашгани учун одамлар учун уй олиш имконияти камайди. Иккинчи томондан, шундай қатъий талаблар банклар учун хавфни (яъни одамлар кредитни тўламай қўйиши эҳтимолини) камайтиради.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар