“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Жанубий Фарғона каналидаги техноген ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди

08.05.2025 16:37

Андижон вилояти Булоқбоши туманида жойлашган Жанубий Фарғона каналисида содир бўлган техноген ҳолат юзасидан “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 31 декабрдаги VM-800-сон қарорига асосан, Россиянинг “MPR” молия институти маблағлари ҳисобидан Жанубий Фарғона каналисида “JFK-3 кичик ГЭС қурилиши” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа қуввати 6,9 МВт бўлиб, йилига 33 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаришга мўлжалланган.

Қурилиш ишлари Россия Федерациясининг “Энергосила” компанияси томонидан “тайёр ҳолда топшириш” шартлари асосида амалга оширилмоқда. Қурилиш доирасида, вегетация даврида қишлоқ хўжалигини сув билан таъминлаш мақсадида каналда вақтинчалик сув тўсиш иншооти қурилиб, сув айланма канал орқали қуйи қисмга йўналтирилган.

Бироқ, каналнинг лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти 60 м³/с этиб белгиланган бўлиб, амалда 70 м³/с сув оқими кузатилган. Бу эса Жанубий Фарғона каналининг ўнг қирғоғида ер ювилиши ҳолатига олиб келган.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ маълумот беришича, ҳозирда ҳолатни бартараф этиш бўйича барча зарур техника ва ишчи кучлари жалб этилган ҳамда таъмирлаш-тикладик ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Барча чора-тадбирлар 2025 йил 9 май соат 14:00 га қадар якунланиши ва каналнинг одатий иш режими тўлиқ тикланиши кутилмоқда.

Шунингдек, юзага келган ҳолат натижасида аҳолига етказилган моддий зарарлар қоплаб берилиши таъминланиши қайд этилган.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар