СССРнинг космик аппарати Ўзбекистонга қулайдими? Мутахассис жавоб берди

07.05.2025 15:59


Сўнгги кунларда СССР томонидан «Венера-8» миссияси доирасида учирилган «Космос-482» сайёралараро космик аппаратнинг ерга қулаши ҳақида маълумотлар тарқалди. Айрим манбалар аппаратнинг қулаш нуқтаси Марказий Осиё давлатлари ҳудудига тўғри келишини тахмин қилмоқда.

Хўш, уларнинг орасида Ўзбекистон ҳам бўлиши мумкинми ва бу қанчалик хавфли жараён? «Ўзбеккосмос» агентлиги Янги технологияларни татбиқ қилиш бўлими бошлиғи Аҳрор Агзамов мазкур ҳодиса юзасидан маълумот берди.

Ҳақиқатан ҳам 1972 йил 31 март куни собиқ Совет Иттифоқининг «Венера» дастури бўйича «Космос-482» сайёралараро космик аппарати фазога учирилган. Бироқ ракета-ташувчининг якуний босқичи муваффақиятсиз ишлаши оқибатида у Ер орбитасида қолиб кетган.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, аппаратнинг ерга қулаши 9-11 май кунларига тўғри келиши мумкин. «Космос-482»нинг аниқ қаерга қулашини айтиш бироз мушкул. Унинг Ўзбекистон ҳудудига тушишининг эҳтимоли эса ҳозирча 0,3-0,5% оралиғида баҳоланмоқда – яъни 1 фоиз ҳам эмас.

«Аппаратнинг катта қисми атмосферага кириши билан ёниб кетсада, Венеранинг оғир шароитларида қўниш ва ишлаш учун мўлжалланган ярим тоннага (480 кг) яқин массали титан шари алоҳида хавф туғдиради. Бу компонент ер атмосферасига киришда омон қолади ва бутунлай қулаб тушади», дейилади агентлик баёнотида.

Космик аппаратнинг парашют борлигига қарамай, у коинотда 53 йил қолганидан кейин парашют ишламаслиги мумкин. Қурилманинг ерга урилиш тезлиги эса соатига 500 кмгача етиши кутилмоқда. Агентлик, бундай ҳолат юз берса қулаган космик кеманинг қолдиқларига тегмасликни маслаҳат берди.

«Бўлаклар топилган тақдирда, бу ҳақда зудлик билан расмийларга хабар бериш ва ҳеч қандай ҳолатда аппарат қолдиқлари билан алоқада бўлмаслик тавсия этилади, чунки улар таркибида хавфли кимёвий моддалар бўлиши мумкин», дейилади расмий манбада.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар