“Қўйлиқ” бозори ёпиладими? Масъуллар изоҳ берди

05.05.2025 18:55

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳридаги “Қўйлиқ” бозори тўлиқ бузилиши бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан шаҳар ҳокимлиги расмий муносабат билдирди. 

Маълум қилинишича, бозорнинг фаолияти  илгари муқобил савдо жойларини тайёрлаш зарурати туфайли тўхтатилган. Ҳозирда бозорнинг бир қисми қайта тикланган.

“Айни дамда бозор янада тартибли ҳолга келтирилган – тадбиркорлар учун жойлар яратилди ва ҳудуддаги ишлар фаол давом этмоқда. Барча ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда, шу билан бирга, савдо фаолияти тўхтатилмаган”, дейилади ҳокимлик хабарида.

Билдирилишича, бозор ёпилмаяпти, балки унинг фаолияти оптималлаштирилмоқда – тартиб ўрнатиш, санитария шароитларини яхшилаш, инфратузилмани янгилаш ва умумий хавфсизлик даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

“Бундан ташқари, келгусида жорий этиладиган рақамлаштирилган тизим солиқ тўловларининг шаффофлигини таъминлаш имкониятини яратади. Бу эса, ўз навбатида, яширин иқтисодиётнинг бозордаги таъсирини камайтиришга ёрдам беради”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ўзгаришлар бошланишидан олдин бозор ҳудудида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган. Улар орасида – жиноятчилик хавфи, эскирган коммуникациялар сабабли юзага келган майда ёнғинлар, санитария меъёрларининг бузилиши, шунингдек, қулайлик ва одамлар саломатлигига хавф солувчи тартибсиз савдо ҳолатлари мавжуд бўлган.

Ҳокимликка кўра, ушбу ҳолатлар эътиборсиз қолдирилиши мумкин эмас. Шу сабабли, тизимли қарор қабул қилиниб, бозор халқаро ва замонавий шаҳар стандартларига мос ҳолга келтирилмоқда.

“Ишонамизки, барча ишлар якунлангач, бу ҳудуд тадбиркорлар ҳамда ташриф буюрувчилар учун янада қулай, хавфсиз ва шинам маконга айланади”, дейилади хабарда.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар