Электромобилларни Ўзбекистонга олиб киришда экологик сертификат талаб этилиши қанчалик мантиққа мос?

05.05.2025 12:42

Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонга олиб кирилаётган Евро-5 ёки Евро-6 экологик стандартларига жавоб берадиган электродвигателлар билан жиҳозланган гибрид автомобилларни божхонада расмийлаштириш жараёнида Евро-4 экологик тоифасидан кам бўлмаганини тасдиқловчи экологик сертификат талаб этилаётгани хабар қилинди.

Янги тартиб юзасидан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовга сенатор сўрови юборди.

Сўровда қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 январдаги 50-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда экологик сертификатлаш тартиби белгилаб берилган. Унга кўра, аккредитациядан ўтган синов лабораторияси мавжуд бўлганда, экологик хавфсизлик мезонларига мувофиқлик текширилиши керак. Агар лаборатория мавжуд бўлмаса, транспорт воситаси идентификация йўли билан баҳоланиши мумкин.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 2022 йил 12 апрелдаги 172-сонли қарорида «гибрид автомобиль» тушунчаси аниқ белгилаб берилган. Уларни умумий «М» (одам ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари) ва «N» (юк ташишга мўлжалланган транспорт воситалари) тоифаларига тенглаштириш масаласи ҳам баҳсли ҳисобланмоқда.

Шундан келиб чиқиб, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовга:

республикада фаолият олиб бораётган экологик сертификатлаш органининг ташкилий-ҳуқуқий асослари, фаолиятини тартибга солиш тартиб-таомиллари;
автомобилларни экологик стандартдан ўтказувчи аккредитациядан ўтган синов лабораториялари, уларнинг моддий-техник базаси, автомобилларни синовдан ўтказиш қамрови ва имкониятлари;
электродвигателлар билан жиҳозланган гибрид автомобилларни расмийлаштириш жараёнида экологик сертификат олиш тўғрисидаги талабнинг меъёрий-ҳуқуқий асослари;
аризани кўриб чиқиш, экологик сертификатлаш жараёнини амалга ошириш ва экологик сертификат бериш ёки уни беришни рад этиш юзасидан ишлар қиймати бўйича белгиланган тўлов миқдори масалаларига аниқлик киритиш бўйича тушунтириш бериш сўраб сенатор сўрови юборди.

«Мазкур сенатор сўрови орқали мавжуд тартибнинг таъминланиши, жорий этилган амалий механизмларда шаффофликка эришиш ҳамда тадбиркорлар ва фуқароларнинг ортиқча қийинчиликларга ва оворагарчиликка дуч келмаслиги мақсади назарда тутилган», — дейилади Сенат хабарида.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар