Миллий тиббиёт марказида муддати ўтган дорилар беморларга тарқатилгани тан олинди

02.05.2025 21:00

Миллий тиббиёт марказида шифокорлар томонидан муддати ўтган дорилар беморларга тарқатилгани ҳақида берилган мурожаатдан сўнг, ҳолат расман тасдиқланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий жавоб хатида маълум қилинди.

Шикоят жорий йил март ойида марказнинг бир гуруҳ шифокорлари ва беморлари томонидан Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига йўлланган. Мурожаат нусхаси Rost24 таҳририятига ҳам етказилган.

Мурожаатда бир қатор қонунбузарликлар, жумладан, марказда муддати ўтган дори воситалари беморларга тарқатилаётгани ҳақида маълумотлар берилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви натижасида, “Asterazenka” томонидан ишлаб чиқарилган ва яроқлилик муддати 2024 йил 1 июнгача бўлган 200 қути "Форсига" дори воситаси 2024 йил 30 май куни “бепул мурувват” сифатида қабул қилингани, 2024 йил 31 май куни эса беморларга тарқатилгани тасдиқланган.

Ҳужжатларга кўра, бу дори воситаси ҳар бири 28 таблеткадан иборат 200 дона қутисида бўлган. Вазирлик томонидан билдирилишича, ушбу дори текин тарқатилгани боис бу ҳолатга шикоятчилар томонидан билдирилган эътирозлар асоссиз деб топилган. Аммо мурожаат билан чиққан шифокорлар бу дориларни истеъмол қилган беморлар саломатлиги учун хавотирда эканини маълум қилишган.

Шунингдек, текширув давомида марказда 2024 йилда 131 нафар, 2025 йилнинг биринчи чорагида эса 42 нафар бемор вафот этгани қайд этилган. 42 бемордан 20 нафари жарроҳлик амалиётидан сўнг вафот этган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги жавобида таъкидланишича, ушбу амалиётларда марказ директори иштирок этмаган.

Муддат утган дорилар масаласи жорий йил 17 апрел куни Қонунчилик палатасида ҳам кўтарилди. “Адолат” СДП вакили Зуҳриддин Мавлоновнинг саволига жавобан, Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров айрим дориларнинг поликлиникаларга пора эвазига етказиб берилаётгани ва бу коррупцион схема эканини тасдиқлади. 

“Фирмалар ўзлари сота олмаган дориларни маълум миқдорда пора эвазига етказишга уринмоқда. Бу дорилар кўп ҳолларда беморларга етмайди, фақат қоғозда "списание" қилинади. Бу – яхши маълум коррупцион схема. Ва биз бунга қарши қаттиқ курашмоқдамиз”, — деди вазир.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
4
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар