Road24 ёки Safe Road: давлат отаси кучлилар томондами?

14.04.2025 21:48

Йўл  ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган жарималар тўғрисидаги маълумотлар “Road24” иловасига узатилиши тўхтатилгани бугуннинг муҳокама мавзусига айланди.

ИИВ ЙҲХХ ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошов 14 апрель куни ахборот алмашинуви “батамом тўхтатилгани”ни маълум қилди. Давлат органига кўра, эндиликда Road24 ўрнига “Safe Road YHXX” иловасини ишлатиш мумкин.

Ушбу хабар эълон қилингач, янги илова ишламаётгани ҳақида жамоатчилик эътироз билдира бошлади. Туппа тузук ишлаб турган илова ўрнига янгисига ҳожат нима эди? Мана шу савол кўпчиликни ўйлантира бошлади.

Жамоатчилик фаоллари нима дейди?

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳаммани янги иловадан фойдаланишга ўтказиш учун эски иловага маълумот узатиш тўхтатиб қўйилганини танқид қилди. 

“ Бу худди янги ва қўлинг ўргулсин замонда ҳокимлар тайинланиши билан тадбиркор-у, аҳоли ўрганган эски бозорни буздириб, янгисини қурдириш ва ёқадими, йўқми, ихтиёран-мажбуран кўчиришга ўхшайди.

Қўйинглар, худобехабар бозор бузади, майли, янги бозор қурмоқчи бўлсанг, унисиям ишлайверсин, бунисиям ишласин, рақобат ва танлов бўлсин дейдиган топилмайди, афсуски.

Ҳозир ҳам миллионта эътироз бўлаётган янги Safe Road иловасиям ишлайверсин, Road24 ҳам ишлайверсин, дейдиган бирон соғлом ақл эгаси топилмаганидан ҳайрон бўлманг.

Мен ҳатто ҳайрон бўлардим, агар айтайлик, Антикоррупция агентлиги вазирлик ва идораларнинг “илова ясаш ва илова буюртма қилиш” каби антиқа ва ажойиб кейсларига эътибор қаратишни бошласа”.

ЙҲХХдаги айрим давлат хизматчилари йўқ жойдан муаммо ясайди

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев эса ЙҲХХдаги давлат хизматчиларини йўқ жойдан муаммо ясайдиганлар деб атади (https://t.me/muhrim/2902).

“Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун қилиниши керак бўлган мингларча иш бор. Хусусан, ахборот етказиш масаласида ҳам. Масалан, йўл-транспорт ҳодисалари ҳақидаги ахборотни очиқ ва мунтазам берадиган мобил дастур қилса бўларди — унинг маълумотлари асосида жамоатчилик ЙҲХХнинг ўзига “ЙТҲ ўчоқлари”ни йўқотиш бўйича ёрдам бериши мумкин эди.

Ёки, ундан ҳам осонроқ иш бор — қаерда қандай камера, қандай радар турибди, у қандай қоидабузарликларни қайд этади — шуни мунтазам, онлайн вақт режимида янгиланадиган реестр қилиб қўйиш мумкин. Жуда осон иш. ЙҲХХ шу ишни қилса, антирадарга ҳам ҳожат қолмайди: “Яндекс.Харита”га ўхшаш хизматлар ўша реестр асосида ўз хариталарини доимий янгилаб, ЙҲХХнинг электоратига катта ёрдам қилади.

Лекин — йўқ. ЙҲХХдаги айрим давлат хизматчилари йўқ жойдан муаммо ясайди: бинойидек ишлаб турган, халқ ўрганган, қайсидир маънода ҳайдовчиларнинг оғирини енгил қилаётган мобил дастур (Road24) ўрнига “ўзининг” (чалажон) мобил дастури (SafeRoad)ни ишлаб чиқади”, деб ёзади журналист.

Road 24: Дадаси кучлиларга йўл бериладими?

Кўп ўтмай Road24 жамоаси ҳам ўз каналида янги илова улардан кўчирилганини айтиб чиқди.

“Янги илова қилдик дейишмоқда, лекин нимаси янги? Ҳеч нарсаси, Road24 олишди кўчиришди. Янгилик осонлик билан яратишда биз ва бизни жамоа билади. Road24 иловаси тез кунда янгиланади, сизлар учун янада кулай имкониятлар яратилади”, деган жамоа.

“ЙҲХХ ва ИИВ га келсак, давлат ташкилоти бўлиб ҳаммага тенг имкон бериш ўрнига дадаси кучли шунга йўл беради. Эски замонлар қайтди”, дейилади постда.

Кейинроқ Road24 ўз постидан “дадаси кучли”лар ҳақидаги қисмини олиб ташлади ҳамда илова ҳақида асоссиз, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилаётгани, Road24 иловаси штат режимда ишлаётганини билдирди.

“Ушбу ҳаракатларни рақобатга қарши ҳаракатлар деб ҳисоблаймиз. Road24 иловаси йўл ҳаракати иштирокчилари учун тегишли тартибда актуал маълумотларни тақдим этиб келмоқда ва илова билан боғлиқ ҳеч қандай муаммолар мавжуд эмас. Ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган нотўғри маълумотларга ишонмаслигингизни сўраймиз. Шу ўринда амалдаги қонунчиликда тадбиркорлик фаолияти субъектининг ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотлар тарқатиш тақиқланганлигини эслатиб ўтамиз”, дейилади каналдаги янги постда.

Road24 аслида кимга тегишли?

Road24 иловасининг оммавий 
оферта бўлимида унинг ишлаб чиқарувчиси Kash App МЧЖ экани кўрсатилган. Корхона 2016 йил 17 март куни давлат рўйхатидан ўтказилган. Устав фонди — 165,4 млн сўм. Раҳбар сифатида Фаткулина Линиза Халиловна кўрсатилган.

Фирманинг 90 фоиз улушига Ҳасанова Наима Муҳаммаджоновна, қолган 10 фоиз улушига эса Фаткулина Линиза Халиловна эгалик қилади.

Янги иловани ким ишлаб чиққан?

“Safe Road YHXX” иловаси App Store'да “Autodoc” МЧЖ номидан, Play Market'да SSD Software Solutions томонидан тақдим этилган.

Очиқ маълумотлар бу иккала фирма ҳам Ички ишлар вазирлиги тузилмалари билан ҳамкорлик қилиб келишини кўрсатади.

Хусусан, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳудудий бўлинмалари жойлашган ҳудудлар “Autodoc” МЧЖга давлат-хусусий шериклик асосида берилган.

Autodoc 2022 йил 27 июнда рўйхатга олинган бўлиб, ҳозирги кунда 500 минг сўм устав фондига эга. Ягона таъсисчиси – Каримов Билол Баҳодир ўғли. Раҳбари сифатида Содиқов Сайёдбек Сиддиқжон ўғли кўрсатилган.

Қидирув тизимларига “SSD Software Solutions” сўровини берганда, биринчи бўлиб Smart Soft Development компаниясининг расмий сайти чиқиб келади.

“Smart Soft Development” МЧЖ 2012 йилда рўйхатга олинган бўлиб, устав фонди қарийб 4,7 млрд сўмни ташкил этади. Жорий таъсисчилари – Байметов Равшан Камалович (40 фоиз), Хан Алексей Русланович (30 фоиз), Ғофуров Эъзоз Каримович (30 фоиз, у фирма раҳбари ҳам ҳисобланади).

Smart Soft Development Ички ишлар вазирлигининг e-Muhokama, e-Himoya, e-Patrul, “Криминалист” ва NarkoUz каби электрон платформаларини ишлаб чиқиш бўйича тендерларда ғолиб деб топилган.

Масъуллар ҳолатни қандай изоҳлади?

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ахборот хизмати раҳбари Зойир Йўлдошев бундан кўзланган мақсад “фуқароларга янада қулайлик яратиш” эканини айтди.

Иловага кирган одам ЙҲХХнинг кўплаб хизматларидан фойдаланиши мумкин. Фақат жарима тўлаш эмас, давлат рақам белгиларига буюртма бериш, давлат рақам белгиларини сақлаш, маъмурий жаримадан шикоят билдириш, жаримани бўлиб тўлаш сингари кўплаб қулайликларни ўз ичига олган. Келгусида айнан ушбу илова ордали янада кўпроқ хизматларни кўрсатиш назарда тутилган, деди у.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар