Ўзбекистонда мактабларни тўлиқ 5 кунлик ўқиш режимига ўтказиш таклиф қилинмоқда

01.04.2025 20:54

Тармоқларда 2024 йил 23 октябрда  “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталига жойлаштирилган, мактабларни тўлиқ 5 кунлик ўқитиш ва ишлаш тизимига ўтиши сўралган  петиция муҳокамаси кетмоқда.

“Умумий ўрта таълим мактабларида барча ўқувчиларни 5 кунлик таълим олиш дастурига ўтказиш. Педагог ходимларга ҳам 5 кунлик иш тизимига ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Устозлар ҳам бемалол ҳафтасига 2 кун дам олса, иш унуми ва сифати ошади деб ўйлайман”, – дейилади унинг петицияси изоҳида.

Ҳозирча ушбу петицияга жами 3584 та овоз берилган, шундан 3562 таси ёқлаб, қолган 22 таси эса қарши.

Эслатиб ўтамиз, “Менинг фикрим” порталига жойланган ҳар бир петицияга етарлича овоз берилса, уни парламент кўриб чиқиши мумкин. Олий Мажлис палаталари петицияни кўриб чиқишга қабул қилиши учун мурожаат камида 10 минг овоз, Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари кўриб чиқиши учун камида 5000 овоз, туман (шаҳар) кенгашлари кўриб чиқиши учун камида 1000 овоз тўплаш керак бўлади.

Умумий овоз бериш петиция эълон қилинган кундан эътиборан 90 кун ичида ўтказилади. Мурожаат зарур миқдорда овоз тўплаган тақдирда овоз бериш муддатидан олдин тўхтатилиши ҳам мумкин.

Петицияни кўриб чиқиш якунларига кўра ваколатли орган томонидан қарор қабул қилиниб, “Менинг фикрим” сайтига жойлаштирилади. Мурожаатларни кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги керак.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
13
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар