Мянмада зилзиладан ҳалок бўлганлар сони 1600 дан ошди

30.03.2025 15:42

Жорий йил 28 март куни Мянмада 7.7 магнитудали зилзила содир бўлди. Бугун, 30 март ҳолатига кўра ҳалок бўлганлар сони 1600 дан ошган. Бу ҳақда "Myanmar Now" нашри хабар берди.

Хабарга кўра, жами 1644 киши зилзила оқибатида ҳалок бўлди. 3000 дан ортиқ одам жароҳат олган. Шунингдек, 3 та йирик кўприк зарар кўрган. 1500 дан ортиқ уй ва бир қанча осмонўпар бинолар вайрон бўлган.

Ҳарбий кенгаш маълумотларига кўра, табиий офатларга қарши кураш миллий қўмитаси зилзиладан жабр кўрган ҳудудларда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Қутқарув-қидирув ишлари давом этмоқда.

АҚШ, Европа Иттифоқи ва унинг иттифоқчилари, жумладан, Хитой, Россия, Ҳиндистон гуманитар ёрдам гуруҳи юборишини маълум қилди. Хитойдан 100 млн юанлик гуманитар ёрдам берилган.

Маълумот учун Таиланд пойтахти Бангкокда эса зилзила оқибатида ҳалок бўлганлар сони 17 нафарга етди, 32 киши жароҳатланиб, 83 киши бедарак йўқолган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ушбу мамлакатларда рўй берган кучли зилзила оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани ва жабрлангани, жиддий талафотлар кўрилгани муносабати билан Мянма Давлат бошқаруви кенгаши раиси, генерал Мин Аунг Ҳлаинг ҳамда Таиланд қиролига ҳамдардлик мактуби йўллади.

Эслатиб ўтамиз, Туркияда ҳам 2023 йил 6 февралда 7,7 балли зилзила содир бўлиб, оқибатда 50 мингдан ортиқ киши қурбон бўлган. 

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар