Ўзини ўзи банд қилганлар фаолият турлари қисқартирилмоқда

27.03.2025 21:44

19 март куни “Кичик ва ўрта бизнеснинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” президент қарори имзоланди.

Тадбиркорлик субъектларининг йириклашувини рағбатлантириш мақсадида, 2025 йил 1 майдан эътиборан, ўзини ўзи банд қилган шахслар якка тартибдаги тадбиркор ёки юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганда, давлат божи ундирилмайди.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан бошлаб, ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхати амалдаги 104 та банддан 72 тагача қисқаради.

Қуйидагилар рўйхатдан чиқарилади:

1. Уйда ёки давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотлари хоналарида репетиторлик қилиш — болалар ва катталар билан таълим фанлари бўйича якка тартибда ҳамда гуруҳ бўлиб машғулотлар ўтказиш

2. Хоналарни тозалаш, жисмоний шахс ҳудудини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш

3. Уйда жисмоний шахсларнинг мебелларини таъмирлаш ва йиғиш

4. Жисмоний шахсларга мураккаб бўлмаган умумий қурилиш, қурилиш-таъмирлаш ишлари (бетон қуйиш, бўёқчилик, сувоқчилик ишлари, ғишт ва кафел териш, перфорация, дурадгорлик, чилангарлик ва бошқа умумий қурилиш ишлари);

5. Жисмоний шахсларнинг шахсий автомобилларини майда таъмирлаш, уларга аксессуарлар ва автосигнализация ўрнатиш, ғилофлар ва пол қопламаларини тикиш

6. Макулатура, пластик идиш, темир-терсак ва қўшимча хом ашё тўплаш

7. Ёғоч меъморчилиги (болалар майдончалари ва парк зоналари учун ёғочдан ясалган қурилмалар, ҳайкаллар)

8. Металл таъмирлаш ишлари (уйда амалга ошириладиган маиший металл буюмларини таъмирлаш (калитларнинг дубликатларини тайёрлаш, соябонларни таъмирлаш, бошқа маиший металл буюмларини оддий таъмирлаш)

9. Уйда попкорн, фрезерда музқаймоқ тайёрлаш ва сотиш

10. Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш

11. Газеталар, журналлар ва китоб маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш

12. Сартарошлик хизматлари, маникюр, педикюр хизматлари

13. Косметолог хизматлари ва шунга ўхшаш бошқа хизматлар

14. Уйда кир ювиш ва дазмоллаш хизматлари

15. Тикув, мўйна, чарм ва трикотаж буюмларни, бош кийимларни ва тўқимачилик галантереяси буюмларини таъмирлаш, аҳолининг якка тартибдаги буюртмаси бўйича тикув ва трикотаж буюмларини, бош кийимларини ва тўқимачилик галантереяси буюмларини тикиш

16. Газламаларга нақшлар солиш (газламалар ва кийим ашёларини қўлда бўяш, газламаларга, шу жумладан трафаретли босма ва қўлда расм чизиш усули билан расмлар солиш)

17. Якка тартибда дераза ва эшик пардаларини тикиш ва таъмирлаш, каштачилик

18. Галантерея буюмларини тайёрлаш ва таъмирлаш

19. Бижутерия ва жевакларни тайёрлаш ва таъмирлаш

20. Гулчамбарлар (шу жумладан, мотам гулчамбарлари), сунъий гуллар, икебана, гул маржонларини тайёрлаш

21. Тўсиқлар, ҳайкаллар, металлдан ясалган гулчамбарларни тайёрлаш ва таъмирлаш

22. Аквариум балиқлари, декоратив қушлар ва бошқа ҳайвонларни кўпайтириш ва сотиш

23. Видео ва фотосуратга олиш хизматлари

24. Қадоқлаш ускуналаридан фойдаланмаган ҳолда уй шароитида миллий ширинликлар, қандолат маҳсулотларини тайёрлаш ва сотиш

25. Салатлар ва тузламаларни тайёрлаш ва сотиш, шунингдек, уй шароитида доналаб сотиладиган таомларнинг айрим турларини тайёрлаш ва ўтириш жойларини ташкил этмасдан ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарори билан ажратилган махсус жойларда сотиш

26. Уйда қуйиб сотиш учун салқин ичимликлар, айрон, гўжа ҳамда қурт тайёрлаш ва сотиш

27. Тўгараклар ташкил этиш ва юритиш

28. Гуллар ва декоратив дарахтлар етиштириш ва сотиш (шу жумладан, бонсай санъати)

29. Реклама буклетларини тарқатиш, уйда операторлар томонидан буюртмалар қабул қилиш

30. Муқовалаш ишлари

31. Гид (гид-таржимон), экскурсия етакчиси ва йўриқчи-йўл бошловчилар хизматлари

32. Матнни яратиш ва ишлов бериш (копирайтер, рерайтер, SEO-копирайтер, SEO-рерайтер, мусаҳҳиҳ, контент-менежер, муҳаррир, e-mail орқали хатларни жўнатиш бўйича мутахассис, спичрайтер, транскрибер ва бошқалар)

33. Риелторлик хизматларини кўрсатиш (ижарага уй-жой топишда, шунингдек, уй-жой сотиб олишда ёрдам бериш)

34. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини маҳаллаларда йиғиш ва фақат маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга сотиш.

2026 йил 1 январдан бошлаб, рўйхатга қуйидагилар қўшилади:

электрон савдо майдончаларида товар ва хизматларнинг чакана савдоси;
номоддий маданий мерос объектларини (дорбоз, аския ва лапар) асраш ва улардан фойдаланиш (маданият марказлари таркибида фаолият юритаётган шахслар бундан мустасно);
уй шароитида хонаки товуқларни етиштириш ва кўпайтириш.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
3
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар