БРБ 2024 йилдаги фаолияти бўйича жамоатчиликка ҳисобот берди
20.03.2025 10:01
Президентнинг 2021 йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонида давлат органлари ва ташкилотлари 1 апрелга қадар ўтган йилдаги ўз фаолиятига оид ҳисоботни жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш учун матбуот анжуманларини ўтказиши белгиланган.
Шунга мувофиқ, “Бизнесни ривожлантириш банки” 2024 йилдаги фаолияти юзасидан жамоатчиликка ҳисобот берди.
Банк томонидан норасмий мулоқот платформаси сифатида ташкил қилинган “БРБ дўстлари” клуби доирасида ўтказилган тадбирда банк эришган асосий иқтисодий кўрсаткичлар, бизнес ривожи учун йўналтирилган сармоялар, халқаро ҳамкорлик натижалари ва татбиқ қилинган лойиҳалар ҳақида қуйидаги ахборотни берди:
2025 йил 1 январь ҳолатига банкнинг умумий капитали йил бошига нисбатан 35,1 фоизга ўсиб 4 трлн 295 млрд 500 млн. сўмга етди;
даромад келтирувчи активлари йил бошига нисбатан 12,8 фоизга ўсди;
кредит қўйилмалари 22 трлн. 530 млрд. 800 млн. сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 730 млрд 200 млн сўмга ёки 3,3 фоизга ўсган;
2024 йилда барча манбалар ҳисобидан 7 трлн сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган;
“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида 17 676 та тадбиркорга 1,7 трлн сўм кредит йўналтирилган;
“Бизнесни ривожлантириш банки”га республика бўйича бириктирилган 648 та маҳаллаларда ўтган йилда жами 1 трлн 500 млрд сўм кредит ажратилиб, 473 минг нафар аҳоли бандлиги таъминланган. Шундан 70 минг нафари доимий ишга жойлаштирилди ва 403 минг нафари тадбиркорликка жалб қилинган;
Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 18 866 нафар аёлга 919,8 млрд сўм, банкка бириктирилган маҳаллалардаги 1 868 нафар аёлга 122,9 млрд сўм кредит ажратилиши натижасида 3 862 та янги иш ўрни яратилган;
Банк ва Япониянинг Ямагата университети ҳамкорлигида ишга туширилган “Biznes-portal.uz” платформаси орқали 10 минг нафар тадбиркор ўқитилди. Саралаб олинган 24 нафар маҳаллий менторлар Японияда малака ошириб, халқаро сертификатга эга бўлди;
Ўтган йили банк томонидан 112,3 млн АҚШ доллари миқдоридаги хорижий кредит линиялари маблағлари жалб қилинган.
Мулоқотда банк тизимида коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, томорқа бизнесини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар ҳақида ҳам тақдимотлар ўтказилди.
Банк ҳисоботи ва тақдимотлар қизғин муҳокама қилинди. Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда банк фаолиятига доир таклифларини билдиришди.