Қозоғистонда коррупциянинг олдини олиш мақсадида амалдорлар тез-тез қамоқхоналарга саёҳатга боради

19.03.2025 20:18

Қозоғистон расмийлари коррупциянинг олдини олиш мақсадида мунтазам равишда қамоқхоналарга саёҳатга боради. Бу ҳақда Республика Коррупцияга қарши кураш агентлиги вакили Дониёр Бигайдаров брифингда маълум қилди.

“Коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олиш, шунингдек, коррупцияга қарши маданият ва маънавий-ахлоқий тамойилларни шакллантириш мақсадида агентликнинг ҳудудий бошқармалари томонидан давлат хизматчилари ва квазидавлат сектори ходимлари учун ахлоқ тузатиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарига мунтазам экскурсиялар ўтказилмоқда”, деб таъкидлади Бигайдаров.

Унинг айтишича, идоралар раҳбарлари, туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари экскурсияларга таклиф этилиб, мансабдор шахсларга тергов хоналари, жиноятчилар учун камералар, маҳкумлар юриш жойлари кўрсатилмоқда. Шу кунга келиб экскурсияларда 2000 га яқин давлат амалдорлари қатнашган.

Бигайдаровнинг аниқлик киритишича, порахўр амалдорлар устидан шикоят қилган 104 қозоғистонликка 35 миллион тенгедан ортиқ пул ўтказилган. Унинг таъкидлашича, фуқаролар асосан жиноий ва маъмурий жавобгарликка тортилмаганлик учун пора ундириш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш, қариндош-уруғчилик, давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўл қўйишади.

“Фуқаролардан бири вилоят ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари томонидан 120 миллион тенгедан ортиқ пора бўлган коррупция факти ҳақида хабар бергани учун 10 фоизлик улуш, яъни 12,2 миллион тенге мукофот олди”, дея мисол келтирди Бигайдаров.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар