Ўтган йил давомида Ўзбекистонда PM2,5 ўртача 31,4 ни ташкил қилган ва ифлос ҳаволи ҳудудлар рейтингида 19-ўринни қайд этган. Бу ҳақда AQAir порталининг 2024 йил учун халқаро ҳаво сифати ҳисоботи эълон қилинди.
Энг юқори ифлосланиш қайси ҳудудларда?
Йиллик ҳисобда энг юқори ифлосланиш Африканинг Чад давлатида қайд этилган, кейинги ўринларни Бангладеш ва Покистон эгаллаган. Ҳудудларда PM2,5 мос равишда 91,8, 78,0 ва 73,7 мкг/м³ ни ташкил қилган. Ўзбекистон рейтингда 19-ўринда турибди, ифлосланиш кўрсаткичи – 31,4 мкг/м³.
Марказий Осиё давлатларидан Тожикистон 6-ўринда (46,3 мкг/м³), Туркманистон 26-ўринда (26,5 мкг/м³), Қирғизистон 41-ўринда (21,1 мкг/м³), Қозоғистон эса 71-ўринда (15,1 мкг/м³) қайд этилган.
Дунё бўйлаб фақат 12 давлат ЖССТ тавсия қилган PM2,5 меъёридан паст кўрсаткични қайд этган. Улар асосан Лотин Америкаси, Кариб ва Океания ҳудудларига тегишли.
Африка, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари дунёдаги энг ифлос ҳаволи ҳудудлардан бири саналади. Африкада ҳавони мониторинг қилиш ускуналари сони ошиб бораётганига қарамай, маълумотларни узлуксиз олиш муаммо бўлиб қолмоқда. Ғарбий Осиё давлатларида ҳам кўпроқ янги мониторинг ускуналарига эҳтиёж бор. Маълумотлар етишмаслиги асосан Афғонистон, Эрон ва Уммонда кузатилмоқда.
Ҳисобот PM2,5 концентрацияси бўйича 138 мамлакатнинг 8954 та шаҳри ва ҳудудидан йиғилган маълумотларга асосланган. 2023 йилдагидан фарқли равишда 2024 йилги рейтингга 10 та янги мамлакат ва ҳудуд қўшилган. Маълумотлар 40 мингдан ортиқ доимий ҳаво мониторинг станциялари ва арзон сенсорлардан тўпланган. PM2,5 концентрацияси ЖССТ тавсия қилган йиллик меъёр – 5 мкг/м³ га таяниб ҳисобланган. Ҳисобот IQAir платформасининг реал вақтдаги онлайн мониторинг маълумотларини ўз ичига олади.
Дунёнинг 99 фоиз аҳолиси ифлос ҳаводан нафас олмоқда
Ҳисоботга кўра, дунёнинг 99 фоиз аҳолиси ЖССТ тавсия қилган ҳаво сифатига мос бўлмаган ҳудудларда яшамоқда. Ҳаво ифлосланиши дунёда ўлим сабаблари орасида 2-ўринда туради. Шунингдек, у 5 ёшгача бўлган болалар ўлими учун ҳам 2-асосий хавф ҳисобланади. 2021 йилнинг ўзида 8,1 миллион ўлимга ҳаво ифлосланиши сабаб бўлган, уларнинг 58 фоизига PM2,5 заҳарли заррачаси таъсир қилган. БМТ тоза ҳавода нафас олишни умумжаҳон инсон ҳуқуқи деб эълон қилган.
Таҳлилларга кўра, PM2,5 нинг юқори концентрацияси астма, саратон, юрак хуружи ва ўпка касалликларига сабаб бўлиши мумкин. Шунингдек, меъёрдан юқори PM2,5 бўлган ҳаводан нафас олиш ҳомиладорликнинг салбий оқибатлар билан кечишига, боланинг дастлабки ёшларида юрак хасталиклари, эгзема, аллергик реакциялар, ақлий бузилишлар ва психологик муаммоларга сабаб бўлиши мумкин.