"Фарғона сув таъминоти" АЖ Қўқон шаҳар бўлимининг муқаддам судланган 2 нафар инспектори 51 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Аниқланишича, 2 нафар инспектор ўз хизмат вазифасидан фойдаланиб, Қўқон шаҳрида маҳаллий қурилиш фирмаси барпо этаётган янги кўп қаватли уйлардаги жами 555 та хонадонга ичимлик суви учун ҳисоблагич ўрнатиш, шахсий карточка очиш, сертификат қилиб бериш эвазига пора талаб қилган.
Ҳозирда, мазкур шахсларга нисбатан жиноят кодексининг 25, 168-моддаси тўртинчи қисми "а" банди ва 28, 211- моддасининг учинчи қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, бу каби ҳолат Андижон ва Наманган вилоятларида ҳам кузатилиб, Андижон вилоятида кадастр бўлими бошлиғи 6 минг АҚШ доллари билан қўлга тушган.
Наманган вилоятида эса, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга қарашли “Энергосавдо” корхонасининг Давлатобод туман бўлими муҳандиси металл эритиш фаолияти билан шуғулланувчи МЧЖда электр ҳисоблагичдан ноқонуний фойдаланилганлик ҳолатини расмийлаштирмаслик ва жаримага тортмаслик эвазига воситачи орқали 20 минг АҚШ доллар пора олган.
Юқоридаги ҳолатлар юзасидан, Андижон вилоятидаги мансабдор шахсга нисбатан жиноят кодексининг 210-моддаси биринчи қисми билан, Наманган вилоятидаги мансабдорга эса Жиноят кодексининг 168-моддаси тўртинчи қисми "а" банди ва 28, 211-моддасининг учинчи қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.