Россияда 2024 йил сентябрдан бери кўчмас мулк бозорида норезидентлар иштирокида олди-сотди шартномалари сони ошмоқда — умумий савдоларнинг 20 фоизи чет элликлар ҳисобига тўғри келяпти, деб ёзади «Известия».
Қайд этилишича, уй-жойларнинг фаол харидорлари орасида Ўзбекистон, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Абхазия фуқаролари бор.
Маълумотларга кўра, жами битимларнинг 15 фоизи Ўзбекистон фуқаролари, 21 фоизи — Беларус, 18 фоизи — Қозоғистон, 10 фоизи — Тожикистон, 10 фоизи — Туркманистон, 2 фоизи эса Хитой фуқаролари ҳисобига тўғри келмоқда.
Шу билан бирга, охирги олти ойда умумий сегментацияда Украина фуқароларининг улуши кескин ошган. 2024 йил бошида жами битимларнинг 2 фоизи улар ҳисобига тўғри келган бўлса, ҳозирда ушбу кўрсаткич 5 фоиздан ошган, норезидентлар орасида эса 19 фоизга етган.
Харидларнинг 65 фоизи 20 миллион рублгача бўлган хонадонлардир, 21 фоизи — 20 миллиондан 50 миллион рублгача, 14 фоизи эса 50 миллиондан қиммат турадиган кўчмас мулкларга тегишли.
Таъкидланишича, чет эл фуқаролари асосан Москва шаҳри (65 фоиз), Москва вилояти (15 фоиз) ва Санкт-Петербургдан (10 фоиз) кўчмас мулк харид қилишга қизиқиш билдирмоқда. Кўпинча норезидентлар нақд пул эвазига бизнес ёки комфорт-плюс тоифали турар-жой мажмуасидан хонадонлар сотиб оляпти.
Маълум қилинишича, харидларнинг 70 фоизи инвестициявий характерга эга эмас, балки яқин 1—5 йил ичида яшаш учун мўлжалланган. Нисбатан қиммат хонадонларни Хитой, Қозоғистон ва Украина фуқаролари сотиб олмоқда.