Жорий йилнинг 3 март куни Ички ишлар вазири лавозимида 7,5 йил хизмат қилган Пўлат Бобожонов лавозимидан озод этилди.
Бобожонов Пўлат Раззоқович 1961 йил 1 январда Хоразм вилоятининг Боғот туманида туғилган. У 1977–1982 йилларда Тошкент давлат университетининг юридик факультетида ўқиган.
2017 йилдан буён Ички ишлар вазири сифатида ишлаб келган Бобожонов бунгача Хоразм вилояти ҳокими, Бухоро вилояти прокурори, Жиззах вилояти прокурори, Бош прокуратуранинг Солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш департаменти бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари лавозимларида фаолият юритган.
Шунингдек, у 2024 йил 25 август куни Президент фармонига кўра, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги ва жамоат тартибини мустаҳкамлашдаги хизматлари учун I даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланган.
Хўш, Пўлат Бобожоновнинг Ички ишлар вазири лавозимида фаолият олиб борган йилларида бу тизимда қандай ўзгаришлар кузатилди?
Сўнгги йилларда ИИБда коррупция билан боғлиқ ҳолатлар камайдими?
Ички ишлар тизимидаги шаффофлик, ОАВ билан очиқлик қай даражада эди?
ОАВда очиқлик ва шаффофлик сиёсати
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 4 сентябрдаги фармони билан Ички ишлар вазири лавозимига тайинланган Пўлат Бобожонов ўз фаолияти давомида 2016 йилдан кейин тайинланганлар орасида ОАВдан “узоқ” вазир сифатида танқид қилинган. Бу ҳақда BBC нашри ҳам Пўлат Бобожоновни Ўзбекистон ҳукуматидаги матбуот ва маҳаллий журналистлар учун энг ёпиқ амалдорлардан бири сифатида қайд этган.
Шундан сўнг, 2022 йилда Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманларида журналистлар вазирнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказмаслик сабабини сўрашган. Вазирлик матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов бу ҳолатни қуйидагича изоҳлаган:
"Вазиримиз йил давомида икки марта Сенатда жамоатчилик олдида ҳисобот беради, бу жараён доимий равишда ёритиб борилади. Шунингдек, вазиримиз вилоятларга сафар қилганда, маҳаллий ОАВ вакиллари билан учрашиб, уларнинг саволларига жавоб беради. Балки биз бу жараёнларни етарлича ёритиб бермаяпмиз, шунинг учун бундай саволлар пайдо бўлмоқда".
Шу билан бирга, 2022 йилда блогер ва публицист Шокир Шарипов Пўлат Бобожоновнинг истеъфосини талаб қилиб, Тошкент шаҳрида бир кишилик пикет ўтказган. У ўзининг фуқаролик позицияси туфайли, айниқса, Қўқондаги ИИБ муассасасида 15 ёшли боланинг ўлдирилиши муносабати билан шундай қилганини таъкидлаган.
Вазирлик матбуот котиби эса, вазирнинг жамоатчилик фикридан хабардор эканини ва ижтимоий тармоқларни мунтазам кузатиб боришини маълум қилган.
Шунингдек, 2023 йилнинг 10 июль куни Чилонзор туман ИИБда тергов қилинаётган 21 ёшли йигит 4-қаватдаги ҳожатхона деразасидан ўзини ташлаб, олган жароҳатлари туфайли шифохонада вафот этган. Адвокат Абдумалик Абдуллаевнинг хабарига кўра, терговга қадар текширув ҳужжатлари билан танишган Чилонзор туман прокурори ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 208-моддаси (Ҳокимият ҳаракатсизлиги) билан жиноят иши қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилган.
2024 йил 19 июнь куни Тошкент вилояти Бекобод туманида судда жанжал кўтарган 33 ёшли фуқаро ИИБга олиб кетилганидан сўнг, бинога кириш йўлагида ҳушидан кетган. Шифохонага олиб борилганидан сўнг вафот этган. ИИБ бу ҳолатни фавқулодда ҳолат сифатида кўрган ва ҳар бир ходимнинг ҳаракатлари текширилган. Суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, прокуратура органлари текширув олиб борган.
Юқорида терговга жалб қилинганларнинг ўлими билан боғлиқ бир-икки мисол келтирдик, холос. Бу ҳали ҳаммаси эмас, жумладан, жорий йилнинг ўзида ҳам ИИБдан иккита гумондорнинг жасади чиққан.
15 февраль куни ИИБ Жазони ижро этиш департаментининг Олмалиқдаги 14-сонли колониясидан 21 яшар Муҳаммадқодир Пўлатовнинг жасади топилган. Марҳумнинг онаси 26–28 январ кунлари ўғли билан учрашган ва боласининг соғлигида ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтган. Унинг фикрича, ўғлининг баданида қийноқ излари, электрошокер изига ўхшаш чизиқлар бўлган. Суд-тиббий экспертизасига кўра, Муҳаммадқодир юрак ишемик касаллигидан вафот этган, лекин онасининг фикрича, бу ҳолат тасодиф эмас.
Иккинчи ҳолатга эътибор қаратсак, 15 февраль куни Сурхондарё вилоятининг Узун туманида 42 ёшли аёл ва унинг боласи ўлдирилиб кетилган, уйи эса ёқиб юборилган. Бу ишда гумонланган Тоҳиржон Ҳайитов 23 февраль куни Узун туманидаги яшаш уйидан терговга олиб кетилган. Орадан икки кун ўтиб, 25 февраль куни у ўлик ҳолда оиласига топширилган. Ҳайитовнинг жасади Сариосиё туманидаги ўликхонадан топилган.
Марҳумнинг ўғли “Ушбу тергов давомида ҳеч қандай сабаб кўрсатилмаган ҳолда отамни туҳмат ва бўҳтон билан қийноққа солишган, ҳамда турли хил йўллар билан жиноятни бўйнига қўйишмоқчи бўлишган,” – деб таъкидлаган.
"Отамни 2 кун ўтиб, кеча, 25 февраль куни юрак хуружидан вафот этди, дейишди. Ваҳоланки, отамнинг соғлиғи билан умуман муаммо бўлмаган. Фермер одам, куни далада ўтар эди," – дея қўшимча қилган у.
Шу билан бирга, ИИБ ходимларининг вафот этиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Маълум манбаларга кўра, 2022 йилнинг 10 ойи давомида 25 нафар ходим вафот этган, шундан 9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида, 16 нафари эса хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳаётдан кўз юмган.
2019 йилнинг октябрь ойида ички ишлар органлари ходимларининг байрами арафасида ЎЗА мухбири собиқ ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов билан суҳбатлашади.
Суҳбат давомида собиқ вазир коррупцияга қарши қатъий кураш олиб бораётганини таъкидлади. Унга кўра, коррупция давлат нуфузига, иқтисодиётга ва халқнинг келажакка ишончига жиддий таъсир қилади. Ички ишлар идораларида коррупцияга қарши профилактик тадбирлар, ўқув машғулотлари ва махсус ҳужжатлар қабул қилинган.
Шунингдек, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилаётгани ва моддий рағбатлантириш чоралари кўрилаётганини айтади.
Бироқ, Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ахборотига кўра, 2021 йилда 91 нафар давлат хизматчиси пора олган, улардан 49 нафари – раҳбар, 8 нафари эса раҳбар ўринбосари бўлиб, энг кўп порахўрлик ички ишлар тизимида кузатилган.
Бундан ташқари, ОАВда ҳам ИИБ ходимларининг пора билан қўлга тушгани ҳақида бир қанча ахборотлар эълон қилинган. Жумладан:
2024 йилнинг 28 октябрь куни Пахтачи тумани ИИБ Жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Л.М. пора олганликда айбланиб, 2 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
У таркибида олтин зарралари бўлган тошларни майдаловчи тегирмон ишлатган фуқародан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган тадбирлар ҳақида олдиндан огоҳлантириб туриш ва жиноий жавобгарликдан қочиш эвазига пул талаб қилган. Суд унга 210-модда бўйича жазо тайинлаб, 3 йил мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган.
2024 йил 2 декабрь куни Навоий вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизматининг Киберхавфсизлик бўлинмаси катта тезкор ходими картасидаги пулини ўғирлатган фуқаронинг пулини ким ечиб олганини аниқлаш эвазига пора олган вақтида ушланган.
Карманада яшовчи фуқаро пластик картасидаги 62 млн сўм пулини ўғирлатган. У ички ишлар органига мурожаат қилганида, Х.М. гарчи бундай ҳолатларни фош этиш бевосита хизмат вазифасига кирса-да, пулни ким ечиб олганини аниқлаб бериш эвазига 600 доллар сўраган.
Х.М. судда айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ҳамда содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини айтиб, суддан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраган.
Суд ҳукми билан Х.М. Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилишда айбли деб топилган. Унга 2 йил ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этган ҳолда 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 3 март куни Тошкентда пора олган ИИБ терговчиси Н.Ҳ. жиноий жазога тортилди. У, иш юритувидаги жиноят иши бўйича айбланувчи шахсдан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланмаслик эвазига 500 доллар олган вақтида тезкор тадбирда ушланган.
Терговчи судда пул пора сифатида эмас, балки ишини тез кўриб бергани учун раҳмат сифатида берилганлигини айтган. Бироқ, гувоҳлар, суд-кимёвий экспертиза ва бошқа далиллар унинг айбини исботлаган.
Суд Н.Ҳ.ни Жиноят кодексининг 210-моддаси бўйича айбли деб топиб, унга 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган ва 3 йил ИИВ тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган.