Ижтимоий тармоқларда сўнгги кунларда Тошкент шаҳрида Хитой фуқаролари кўпайгани, шаҳар ҳудудининг катта қисмини сотиб олаётгани, шу сабабли кўчаларда хитой тилидаги турли баннер ва рекламалар пайдо бўлиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Фойдаланувчилар пойтахт ерлари гўёки хитойлик бизнесменларга бериб юборилаётганидан хавотирлар билдирди.
Кадастр агентлиги мазкур ноаниқлик фонида муносабат билдирди ва уларни «нотўғри хабарлар» деб атади. Ташкилот Ер кодексининг 17-моддасида чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкинлиги белгиланганини эслатди.
Агентликнинг таъкидлашича, ижарага берилган ерни хусусийлаштириб олишади, деб ваҳимага тушмаслик лозим. «Хавотирга ўрин йўқ. Чет элликларга ер хусусийлаштириб берилмайди», — деб ёзди ташкилот.
Давлат идораси қишлоқ хўжалиги ерларининг хусусийлаштирилиши билан боғлиқ хабарлар ҳам асоссиз эканини айтди ва уларни ҳатто Ўзбекистон фуқаролари ҳам хусусийлаштириб ололмаслигини қайд этди.
«Шундай экан, ерларимиз чет эл фуқароларига бериб юбориляпти мазмунидаги хабарлар асоссиз ва охиригача ўрганилмасдан чиқарилган», — ишонтирди кадастр ташкилоти.
У бу «қонунларга нисбатан ишончсизлик кайфиятини келтириб чиқариши, ҳатто инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги» сабабли фуқаролардан ҳар хил алдовларга учмасликни, ижтимоий тармоқ фаолларидан эса ёлғон ва асоссиз хабарларни тарқатмасликни сўради.