Болаларга зўравонлик ишлатилган “Танзиландия”нинг ҳимоячиси Кудбиевми?

28.02.2025 08:47

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги “Танзиландия” номли хусусий боғча тарбиячилари болаларга мунтазам равишда зўравонлик қўллаган. Буни болаларнинг ота-оналаридан бири фарзандининг хулқидаги ўзгаришдан пайқаб, унинг ўйинчоғига эшитув мосламаси ўрнатгани айтилмоқда. Натижада болаларга ўта қўпол муносабатда бўлишгани юзага чиққан. Буни ёзиб олинган видео тасвирлардан ҳам кўриш мумкин.

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болаларга тан жароҳати етказилганлик ҳолати бўйича аниқлик киритиш учун суд-экспертиза тайинланган. Зўравонликда гумон қилинган 3 тарбиячи эса ишдан бўшатилган.

Orginfo'дан олинган маълумотларга кўра, Танзиландия хусусий мактабгача таълим ташкилоти "Yuksalish construction" нодавлат таълим муассасасига қарашли экан. "Yuksalish construction"нинг 7 фоиз улуши Турсунова Дилрабо Давлатбой қизига, 27 фоизи Қаршиева Мухиба Исроиловнага ва асосий 66 фоиз улуш Қудбиева Мақсуда Муталиповнага тегишли экани маълум бўлди. Маълумот учун, Турсунова Дилрабонинг акаси Шерзод Қудбиев ҳозирда Солиқ қўмитаси раиси, 2019 йилда Президент маслаҳатчиси, ундан олдин эса Бандлик вазири лавозимида ишлаган.

Юқоридаги вазият Сенаторни ҳам ҳаракатга келтириб, Мактабгача ва мактаб таълими вазиридан ушбу ҳолат ҳамда шунга ўхшаш болаларга нисбатан сўнгги пайтларда кўп содир этилаётган зўравонликлар сабабини тушунтириши ва уларни олдини олиш бўйича чора тадбирлар ҳақида маълумот беришини талаб қилди. 2023 йил ноябрда сенат раиси Бола ҳуқуқлари ҳақида гапирар экан, юртимизда болаларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоялаш борасида ишлар тобора жадал олиб борилаётганини таъкидлаган. 2024 йилга келиб эса тазйиқ ҳолатлари ортиб бораётганини гувоҳи бўлиб турибмиз.

“Танзиландия” воқеаси бўйича ҳам 3 нафар ходимни ишдан олиб, вазиятга гўё ечим берилди. Бундан олдинги шу каби ҳолатларда ҳам текширувлар натижасига кўра жарима ёки ишдан олиш чораси қўлланган. Ёки терговга қадар текширув олиб борилмоқда жумласи билан кифояланган. Маълумот учун, Жиноят кодексининг 110-моддасига кўра, муттасил дўппослаш ёки бошқа ҳаракатлар билан қийнаш жаримадан ташқари, ахлоқ тузатиш ишлари, шунингдек, бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Савол пайдо бўлади, юқоридаги ҳолатда фақат тарбиячилар айбдорми, камералар бўла туриб ушбу тазйиққа йўл қўйган, беэътибор бўлган раҳбарлар сувдан қуруқ чиқаверадими? Масалан, Жиноят кодексининг 207-моддасига кўра мансабга лоқайдлик билан қараш ва унинг оқибатида давлат ёки жамоат манфаатларига зиён етказганлик учун ҳам жавобгарликка тортилиш кераклиги келтириб ўтилган.

Албатта, жавобгарликни белгилаш ва қонуний чора кўриш ишлари билан шуғулланадиган ташкилотлар мавжуд. Шундай экан юқоридаги ҳолат бўйича тегишли қонуний чора кўрилилиб,  катта мансабдор шахсга тегишли, дея ёпиқ қозон ҳолатида жим бўлиб кетмайди деган умиддамиз. Раҳбарларнинг лоқайдлиги сабаб бошқа қанча мурғак болалар ҳам калтак остида, қўрқувдан ҳолатини билдира олмай тазйиқ остида қолиб кетаётган бўлиши мумкин, ахир улар орасида ақалли ҳали фикрини тўлиқ баён эта олмайдиган, қаршилик кўрсата олмайдиганлари қанчадан қанча. Ёки энди барча ота-оналар фарзандларининг соғлиғига қайғурадиган бўлса, ўйинчоғига овоз ёзиб олиш мосламаси ўрнатиб, кейин боғчага юборишлари керакми?

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
2
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар