Давлат мулки самарали фойдаланиш учун хусусий секторга берилади

08.02.2025 17:44



Президент Шавкат Мирзиёев раислигида хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича асосий вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда хизматлар секторида кузатилаётган камчиликлар ва келгусидаги режалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, вазир ва ҳокимлар фаолияти танқид қилинди. Турли ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасида вазифалар кутилганидек бажарилмаган. Жумладан:

—Хоразмга 6 миллион маҳаллий ва хорижий сайёҳ олиб келиш режа қилинган бўлса-да, йўловчилар йилига 800 мингдан ошмаяпти;

—Бухоро ва Самарқанддан Хивага авиарейс йўқлиги;

—Хусусий клиникаларга олиб келинган бренд тиббий ускуналарни рўйхатдан ўтказиш 6 ойгача чўзилаётгани;

—Ичимлик суви, канализация ва йўл қурилишида ривожланиш йўқлиги;

—Бухоро, Жиззах, Қашқадарё ва Навоий вилоятларида савдо ва сервис объектлари қуриш борасида ишлар қониқарсизлиги;

—Гулистон туманида хизматлар ҳажми аҳолига нисбатан кам эканлиги; 

—Наманган шаҳрида "хуфиёна иқтисодиёт" юқорилиги;

—Нишон, Янгиқўрғон ва Нарпайда IT хизматлари анча орқадалиги, Самарқанд ва Янгиер шаҳри, Мирзаобод, Мирзачўлда молиявий хизматлар ҳажми пасайгани, Қарши шаҳри, Жомбой, Ургут, Урганч, Учтепа туманларида савдо ўсмаётгани, Фарғонанинг 7 та туманида тиббий хизматлар ҳажми қисқаргани;

—3 та давлат билан чегарадош, 7 та божхона пости бўлган Тошкент вилоятидаги чегараолди ҳудудида бирорта клиника йўқлиги, бу ҳолат Наманганда ҳам шундай экани танқид қилинди.

Умуман олганда, хизмат кўрсатиш соҳасида сустлик сабаб, ушбу соҳага кўпроқ тадбиркор ёрдами жалб қилиниши кўзда тутилмоқда. 

Хизмат кўрсатиш соҳасида келгусидаги режалар: 

—Банкларнинг девелоперлардан мулкларни тўғридан-тўғри сотиб олиш ва тадбиркорларга қулай шартларда ижара ёки лизингга бериш таклифи маъқулланди. Бу орқали 50 минг квадрат метрли нотурар жойлар муомалага киради;

—Олмазор туманидаги 17 та кўчадан ўтган 7,3 километр узунликдаги йўлни гастрономик кўчага айлантириш лойиҳаси маъқулланди. Ушбу кўчада 250 та савдо ва сервис объектлари ташкил қилинади;

—Пойтахтдаги яна 26 та кўчани тун-у кун ишлайдиган гавжум кўчага айлантириб, 24 соат ишлайдиган савдо нуқталари мингтага кўпайтирилади;

—Тадбиркорлар билан биргаликда жорий йилда 72 та соҳил бўйи дам олиш масканлари ишга туширилиб, 62 та истироҳат боғларини замонавий қиёфага келтириш, 154 та тун-у кун ишлайдиган туризм ва гастрономик кўчаларни ташкил қилиш, 364 та йўл бўйи ва бошқа сервис объектларини барпо қилиш режалаштирилган;

—2025 йил 1 мартдан 6 ой давомида сотилмаган 10 минг квадратгача бўлган давлат объектлари тадбиркорларга 10 йилга тўғридан-тўғри ижарага берилади. Тўрт йил давомида ижара вақтида тўланса, бу жой тадбиркорга хусусийлаштирилади;

—Ёшларни IT ва чет тилига ўқитиш учун бу йил ҳар бир вилоятда 5 тадан давлат объекти тадбиркорларга ижарага берилади;

—2025 йил 1 мартга қадар 11 та, 1 октябргача яна 18 та давлат хизматини хусусий секторга бериш чоралари кўрилади;

—“Евро-5” ва ундан юқори экологик талабга мос юк автомобиллари яна 3 йилга божхона божи ва утилизация йиғимидан озод қилиниши белгиланди;

—Камида 1 миллион туристни жалб қилиш учун концерт, бизнес форуми ва кўргазмалар ўтказиш дастури ишлаб чиқилади;

Вилоят ҳокимларига қўшни давлатлар билан чегараолди ҳудудларида 21 та кўп тармоқли клиника ташкил қилишни бошлаш топширилди.

@rost24_uz_bot — Хабар йўлланг. Сизнинг хоҳишингизга кўра ҳар қандай маълумот сир сақланади
0
Изоҳ қолдириш
Изоҳлар